Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 289 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Шаҳарсозлик фаолияти сохасида давлат ҳокимияти органларининг жавобгарлигини ошириш ҳамда давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги Қарори (ID-28246) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1. Лойиҳа 1-бандига кўра, Тошкент шаҳарАрхитектура ва қурилиш бош бошқармаси таркибида якка тартибдаги уй-жойлар ва кичик ҳажмдаги объектлар қурилиши махсус кузатув бўлимини ташкил этиш белгиланган.
Лойиҳа 5-бандига кўра эса, мазкур кузатув бўлимларининг вазифалари келтирилган бўлиб, ушбу вазифалар ўз мазмунига кўра давлат назорати амалга оширишни назарда тутади.
Аввало, қурилиш соҳасида давлат назоратини олиб бориш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилиши лозимлигини инобатга олган ҳолда, бундай назорат турларини “кузатув” номи остида амалга ошириш амалдаги қонунчилик талабларига мутлақо зиддир.
Қолаверса, лойиҳада келтирилган бундай давлат назоратини амалга ошириш Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 майдаги 343-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси тўғрисидаги Низомга кўра, ушбу Инспекциянинг асосий вазифалари ҳисобланади.
Кўриниб турибдики, лойиҳадаги махсус кузатув бўлимини ташкил этишни белгилашда мазкур масалаларнинг амалда тартибга солинганлиги ва уни такроран белгилаш зарурати мавжуд эмаслиги ҳамда бўлим вазифаларини белгилашда амалдаги қонунчилик талаблари инобатга олинмаган.
Шу боис, лойиҳадан Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси таркибида якка тартибдаги уй-жойлар ва кичик ҳажмдаги объектлар қурилиши махсус кузатув бўлимини ташкил этиш ва унинг ваколатлари билан боғлиқ нормаларни чиқариб ташлаш зарур.
2. Лойиҳа 3-банди “б” кичик банди тўртинчи хатбошига кўра, Архитектура-шаҳарсозлик департаментлари фаолиятини сақлаш ҳаражатлари тўлов асосида давлат ва шаҳарсозлик соҳасидаги қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа хизматлар, шу билан бирга икки қаватдан паст, баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан кам бўлган бино ва иншоотлардаги қурилиш-монтаж ишлари қийматининг (қўшимча қиймат солиғисиз) 0,18 фоиз миқдоридаги Архитектура-шаҳарсозлик департаментлари ихтиёрида қолдириладиган маблағлар хисобидан молиялаштирилади.
Бунда, мазкур тоифадаги бино-иншоотлар қурилишидан қурилиш-монтаж ишлари қийматининг 0,18 фоиз миқдоридаги маблағлар Архитектура-шаҳарсозлик департаментлари ихтиёрида қолдирилиши назарда тутилган.
Бироқ, мазкур маблағларнинг қандай сабабларга кўра ушлаб қолиниши, бу тўловлар қандай асосларга кўра ундирилиши, ушбу тўловларни жорий этилиши лойиҳа муаллифи томонидан асослантирилмаган, таҳлилий материаллар тақдим этилмаган.
Шуни таъкидлаш лозимки, бу каби ортиқча тўловлар ундирилишини назарда тутиш амалиётда тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз бўлган молиявий харажатларга олиб келиб, улар учун молиявий қийинчиликларни келтириб чиқаради.
Шу боис, мазкур хатбошини лойиҳа 3-бандидан чиқариб ташлаш лозим.
3. Лойиҳа 4-банди 15-16-хатбошиларига кўра, Архитектура-шаҳарсозлик департаментларининг вазифаларидан бири сифатида:
“объектлар қурилишини лойиҳалаштириш учун топографик хариталарни ишлаб чиқиш ҳамда қурилиши тугалланган объектларнинг ижро (топографик) суратларини тўлов асосида тайёрлаш;
йўллар бўйидаги ҳамда бино ва иншоотлар фасадлари, томларида реклама маҳсулотларини жойлаштириш бўйича тўлов асосида таклифлар ишлаб чиқиш” белгиланган.
Бунда, бевосита қурилиш соҳасидаги ваколатли органнинг вазифларига қўшимча равишда тўлов асосида амалга ошириладиган (тижорат фаолияти ҳисобланган) йўналишларни ҳам департамент вазифалари сифатида белгилаш назарда тутилган.
Бироқ, шуни инобатга олиш лозимки, Архитектура-шаҳарсозлик департаментлари соҳани тартибга солувчи ваколатли давлат органларидир.
Давлат органлари томонидан ушбу фаолиятни тўлов асосида амалга оширилишининг белгиланиши мазкур соҳа билан шуғулланиш истагида бўлган бошқа тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари чекланишига олиб келиши мумкин.
Шу боис, бу каби тижорат фаолиятлари билан тадбиркорлик субъектлари шуғулланиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Юқоридагиларни инобатга олиб, лойиҳа 4-банди 15-16-хатбошиларини чиқариб ташлаш лозим.
4. Лойиҳа 4-банди 20-хатбошисига кўра, Архитектура-шаҳарсозлик департаментларининг вазифаларидан бири сифатида:
“икки қаватдан паст, баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан кам бўлган бино ва иншоотларни ер участкаларига тўлов асосида топографик боғлаш” белгиланган.
Бироқ, амалдаги қонунчиликда бундай тоифадаги бино ва иншоотларни ер участкаларига топографик боғлаш билан боғлиқ талаблар назарда тутилмаган.
Лойиҳа ижрочиси томонидан мазкур норманинг белгиланиши эса асослантирилмаган.
Кўринадики, мазкур вазифанинг белгиланиши амалиётда янги қўшимча талаблар, яъни юқоридаги тоифадаги бино ва иншоотларни ер участкаларига топографик боғлаш талабининг жорий этилишига ҳамда бу учун тўлов ундирилишига олиб келади.
Шу боис, мазкур нормани лойиҳадан чиқариб ташлаш мақсадга мувофиқдир.
5. Лойиҳа 8-банди тўртинчи хатбошига кўра, “ҳудудий қурилиш органлари раҳбарлари ва мутахассисларнинг, шунингдек пудрат ва лойиҳа ташкилотлари бошқарув ходимларининг ҳар бирининг малакаси мажбурий бир йилда бир марта оширилади, малака ошириш натижаси бўйича қурилиш объектларининг тендер савдоларидаги оферталарни баҳолашда хисобга олинадиган сертификат берилади”, - деб белгиланган.
Бунда, пудрат ва лойиҳа ташкилотлари бошқарув ходимларинингмалакасини мажбурий бир йилда бир марта ошириш, унинг натижасини эса, тендер савдоларидаги оферталарни баҳолашда хисобга олиш назарда тутилган.
Бу эса, ўз мазмун-моҳиятига кўра, амалиётда рухсат бериш тартиб-таомилларини назарда тутмоқда.
Умуман олганда, бу каби мураккаб тартиб-таомиллар амалиётда суиистеъмоллик ва коррупция ҳолатларига шароит яратиб, тадбиркорлик субъектларини коррупциявий муносабатларга киришишга ундайди.
Бундан ташқари, бир йилда бир марта мажбурий малака ошириш талабининг жорий этилиши лойиҳа муаллифи томонидан асослантирилмаган.
Қолаверса, амалдаги қонунчиликда бу каби мажбурий малака оширишни назарда тутувчи талаблар (риэлторлар, баҳоловчилар, аудиторлар малака сертификатлари) ҳар беш йилда бир марта қилиб белгиланган.
Шу боис, мазкур соҳа учун ҳам мажбурий малака ошириш талабини белгилашнинг мақсадга мувофиқлиги масаласини қайта кўриб чиқиш тавсия этилади.
20.04.2021
15:00