Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 314 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуни (ID-35893) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1. Лойиҳанинг 1-моддаси 1-бандида Божхона кодекси 15-моддасининг биринчи қисмини қуйидаги таҳрирдаги ўн саккизинчи хатбоши билан тўлдириш таклиф этилмоқда:
“божхона аудити – товарлар чиқариб юборилгандан сўнг божхона органлари томонидан ваколатли шахслар фаолиятини баҳолаш, божхона тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилганлигини уларнинг молия-хўжалик фаолиятига боғлиқ ҳужжатлари ва ҳисоботларини ўрганиш ҳамда текширишга асосланган божхона назорати шакли”.
Бироқ, таъкидлаш лозимки, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил
25 февралдаги “Божхона аудитини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 101-сон Қарори билан тасдиқланган “Божхона аудитини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 2-бандида “божхона аудити - товарларни чиқаришга рухсат берилгандан сўнг божхона тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилганлигини ваколатли шахслар томонидан божхона расмийлаштируви жараёнида тақдим этилган ҳужжатларни молия-хўжалик фаолиятига боғлиқ ҳужжатларда акс эттирилган маълумотлар билан солиштирган ҳолда ўрганиш ва текширишга асосланган божхона назорати шакли” эканлиги белгиланган.
Шу боис, мазкур банддаги “божхона аудити” атамасини Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 25 февралдаги 101-сон Қарори талабига мувофиқлаштириш лозим.
2. Лойиҳанинг 1-моддаси 5-бандида Божхона кодекси 201-моддаси тўртинчи қисмидаги “айни бир контракт (шартнома, келишув)” сўзларини “божхона декларациясида кўрсатилган бир товар” сўзлари билан, бешинчи қисмидаги “бир йил” сўзларини “уч йил” сўзлари билан алмаштириш таклиф этилмоқда.
Ушбу билан товарлар чиқариб юборилганидан кейинги божхона назоратини амалга ошириш учун текшириладиган контракт, шартнома ва келишув ўрнига божхона декларациясида кўрсатилган бир товарни белгилаш таклиф этилмоқда.
Бироқ, таъкидлаш лозимки, Божхона кодексининг 184-моддасига мувофиқ, божхона органи божхона назоратини ўтказиш учун ваколатли ва бошқа шахслардан божхона назоратини ўтказиш учун зарур ҳужжатлар ва маълумотлар талаб қилиб олиш ҳуқуқига эга.
Бунда “зарур ҳужжатлар ва маълумотлар” турига нафақат божхона декларацияси балки ташқи савдо иштирокчилари томонидан тузилган контракт, шартнома, келишувлар ҳам киради.
Шу боис, товарлар чиқариб юборилганидан кейинги божхона назоратини амалга ошириш учун фақатгина божхона декларациясида кўрсатилган бир товарни белгилаш мақсадга мувофиқ эмас.
Шунингдек, ушбу банд билан, товарлар чиқариб юборилгандан кейин божхона назоратини амалга ошириш муддатини товарларнинг божхона назорати остида бўлиши тугаган пайтдан 3 йил ичида қилиб белгилаш, яъни тадбиркорлик субъектларига нисбатан божхона назорати ўтказилиши мумкин бўлган муддатларни узайтириш таклиф этилмоқда.
Бироқ, мазкур оғирлаштирувчи тартиб лойиҳа муаллифи томонидан етарлича асослантирилмаган.
Хусусан, лойиҳа муаллифи томонидан мазкур муддатлар Ҳукумат қароридаги нормаларга мувофиқлаштирилаётганлиги маълум қилинган.
Бироқ, Кодекс нормаларини Ҳукумат қарорига мувофиқлаштириш юридик жиҳатдан нотўғри.
Юқоридагиларни инобатга олиб, шунингдек тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий тўсиқларни вужудга келишига йўл қўймаслик мақсадида, Божхона кодексининг 201-моддасини ўзгартиришсиз қолдириш лозим.
3. Лойиҳанинг 1-моддаси 6-бандида Божхона кодексининг 2011-модда билан тўлдириш таклиф этилмоқда.
Мазкур модданинг иккинчи қисмига кўра, “Божхона аудити божхона назорати шаклларидан бири бўлиб, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар ҳисобланмайди”.
Бироқ, таъкидлаш лозимки, лойиҳанинг 1-моддаси 1-банди 2-хатбошисида келтирилаётган “божхона аудити” тушунчасига мувофиқ, “божхона аудити – товарлар чиқариб юборилгандан сўнг божхона органлари томонидан ваколатли шахслар фаолиятини баҳолаш, божхона тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилганлигини уларнинг молия-хўжалик фаолиятига боғлиқ ҳужжатлари ва ҳисоботларини ўрганиш ҳамда текширишга асосланган божхона назорати шакли”.
Кўриниб турибдики, божхона аудити – бу молия-хўжалик фаолиятига боғлиқ ҳужжатлар ва ҳисоботларни текшириш бўлиб, тўғридан-тўғри ваколатли шахслар фаолиятини текшириш ҳисобланади. Бунда ваколатли шахслар тоифасига кирувчи тадбиркорлик субъектлари ҳам бўлиши мумкин.
Яъни, мазкур лойиҳа билан божхона аудити ўтказилиши кўрсатилаётган ваколатли шахсларнинг деярли барчаси ташувчи, божхона омбори бўлмаган жойларда товарларни божхона назоратида сақлаётган шахс, божхона омбори, бож олинмайдиган савдо дўкони ва эркин омбор эгалари, импортчи, юкни қабул қилувчи, товарларга нисбатан молиявий тартибга солиш учун жавобгар шахслар, товарлар чиқариб юборилгандан кейин уларни сотиб олувчилар, ваколатли иқтисодий операторлар белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган тадбиркорлик фаолияти субъектларидир.
Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 25 февралдаги 101-сон Қарори билан тасдиқланган Божхона аудитини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 27-бандида сайёр божхона аудити Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими орқали Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилини хабардор қилган ҳолда ўтказилиши кўрсатиб ўтилган.
Таъкидлаш лозимки, мазкур низом ва ушбу лойиҳанинг 1-моддаси 1-банди
28-хатбошисига мувофиқ сайёр божхона аудити – божхона аудитини амалга оширишнинг бир шакли ҳисобланади.
Кўриниб турибдики, агар божхона аудити - тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар ҳисобланмаганда, сайёр божхона аудитини Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиб, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилган ҳолда амалга оширишнинг эҳтиёжи бўлмас эди.
Юқоридагиларни инобатга олиб ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган божхона аудитида суиистеъмоллик ва қоррупция ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида, лойиҳадан ушбу таклиф этилаётган нормани чиқариб ташлаш лозим.
4. Лойиҳанинг 1-моддаси 6-бандида Божхона кодексининг 2011-модда билан тўлдириш таклиф этилмоқда.
Мазкур модданинг ўн биринчи қисмига кўра, “Хабардор қилингандан сўнг ваколатли шахс божхона аудитида талаб этилганларни тайёрлаши, зарур ҳужжатлар ва маълумотларнинг асл нусхаларини қоғоз ва электрон кўринишда тақдим этиши шарт”.
Ушбу билан божхона органи томонидан ваколатли шахсга нисбатан божхона аудити ўтказиш давомида ҳужжатлар ва маълумотларнинг асл нусхаларини қоғоз ва электрон кўринишда тақдим этиши шартлиги белгиланмоқда.
Аммо, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 25 февралдаги 101-сон Қарори билан тасдиқланган Божхона аудитини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 61-бандига мувофиқ, божхона аудити жараёнида ваколатли шахснинг мажбуриятларидан бири сифатида божхона аудитини ўтказиш учун зарур ҳужжатларни (маълумотларни) ахборот тизимларининг маълумотлар базалари билан таққослашга шароит яратиш, шунингдек, қоғоз ва электрон ахборот ташувчилардаги зарур ҳужжатлардан (маълумотлардан) нусхалар бериш белгиланган.
Бундан кўриниб турибдики, ваколатли шахсга божхона аудитида зарур ҳужжатлар ва маълумотларнинг асл нусхаларини тақдим этиш мажбурияти юкланмаган.
Юқоридагилар келиб чиқиб ҳамда божхона аудитини амалга оширишда тадбиркорлик субъектларига ортиқча мажбуриятлар юкланишига йўл қўймаслик мақсадида, таклиф этилаётган нормадан “асл” сўзини чиқариб ташлаш лозим.
5. Лойиҳанинг 1-моддаси 6-бандида Божхона кодексининг 2011-модда билан тўлдириш таклиф этилмоқда.
Мазкур модданинг ўн иккинчи қисмига кўра, “Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги белгилари мавжуд бўлганда, божхона органи Давлат божхона қўмитаси билан келишган ҳолда ваколатли шахсни олдиндан хабардор этмасдан божхона аудитини бошлашга ҳақли”.
Бу билан, божхона аудитини (текширувларни) мазмунан бир вақтнинг ўзида божхона органи томонидан ҳам тадбиркорлик субъектлари ҳисобланган ваколатли шахсларни хабардор қилмасдан амалга ошириш назарда тутилмоқда.
Бироқ, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 25 февралдаги 101-сон Қарори билан тасдиқланган “Божхона аудитини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 16-бандига мувофиқ, “Божхона органи камерал божхона аудитини ўтказиш тўғрисидаги хабарномани ваколатли шахсга камерал божхона аудитини ўтказиш белгиланган кундан эътиборан етти кун олдин ваколатли шахснинг шахсий кабинетига электрон шаклда юборади”.
Юқоридагиларни инобатга олиб ҳамда божхона аудитини амалга оширишда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини бузилишига йўл қўймаслик мақсадида, лойиҳада божхона органи божхона аудитини бошлашда ваколатли шахсни олдиндан хабардор этиши лозимлигини белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқ.
6. Лойиҳанинг 1-моддаси 6-бандида Божхона кодексининг 2011-модда билан тўлдириш таклиф этилмоқда.
Мазкур модданинг ўн тўртинчи қисмига кўра, “Ваколатли шахснинг божхона декларациясида кўрсатилган товари божхона аудитидан ўтказилганда, айнан мазкур божхона декларациясида кўрсатилган ушбу товарга нисбатан такрорий божхона аудитидан ўтказилишига йўл қўйилмайди, бундан божхона аудитини ўтказиш чоғида божхона органига маълум бўлмаган янги ҳолатлар аниқланган ҳоллар мустасно. Янги ҳолатлар аниқланган тақдирда божхона органи такрорий божхона аудитини тайинлашга ҳақли”.
Бироқ, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 25 февралдаги 101-сон Қарори билан тасдиқланган тасдиқланган Божхона аудитини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 7-бандида “Ваколатли шахснинг айнан бир товарига нисбатан такрорий божхона аудити ўтказилишига йўл қўйилмайди”.
Бунда, божхона аудитини ўтказиш чоғида божхона органига маълум бўлмаган янги ҳолатлар аниқланган ҳоллар аниқланганда божхона органи томонидан такрорий божхона аудитини тайинланиши кўрсатиб ўтилмаган.
Қолаверса, божхона органига маълум бўлмаган янги ҳолатлар аниқланган ҳолларда такрорий божхона аудитини тайинлаш ўрнига Божхона аудитини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 13 ва 30-бандларида белгиланган камерал ва сайёр божхона аудитини ўтказиш муддати бир марта узайтирилиши орқали кўриб чиқиш мумкин.
Юқоридагиларни инобатга олиб ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган божхона аудитида суиистеъмоллик ва коррупция ҳолатларини вужудга келишига йўл қўймаслик мақсадида, таклиф этилаётган нормадан “бундан божхона аудитини ўтказиш чоғида божхона органига маълум бўлмаган янги ҳолатлар аниқланган ҳоллар мустасно. Янги ҳолатлар аниқланган тақдирда божхона органи такрорий божхона аудитини тайинлашга ҳақли” сўзларини бутунлай чиқариб ташлаш лозим.
7. Лойиҳанинг 1-моддаси 6-бандида Божхона кодексининг 2012-модда билан тўлдириш таклиф этилмоқда.
Мазкур модданинг иккинчи қисми олтинчи хатбошисига кўра:
“Божхона аудитида ваколатли шахснинг мажбуриятлари:
...
ўз объектига (иншоот, омбор, ишлаб чиқариш, савдо биноларига) божхона органи мансабдор шахсларини киритиш, уларни кўрсатиш, божхона органи мансабдор шахсларига тегишли шарт-шароитлар яратиб бериш;
...”.
Бироқ, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 25 февралдаги 101-сон Қарори билан тасдиқланган тасдиқланган Божхона аудитини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 61-бандида божхона аудитида ваколатли шахснинг мажбуриятлари этиб ўз объектига (иншоот, омбор, ишлаб чиқариш, савдо биноларига) божхона органи мансабдор шахсларини киритиш, уларни ҳамда товар ва транспорт воситаларини кўрсатиш белгиланган ва бунда божхона органи мансабдор шахсларига тегишли шарт-шароитлар яратиб бериш кўрсатиб ўтилмаган.
Мазкур низомнинг 61-бандида божхона аудити жараёнида ваколатли шахс божхона аудитини ўтказиш учун зарур ҳужжатларни (маълумотларни) ахборот тизимларининг маълумотлар базалари билан таққослашга шароит яратиш ва экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинган ҳолатларда, товарлардан намуналар ва (ёки) нусхалар олинишига имконият яратиш мажбуриятларига эгадир.
Юқоридагиларни инобатга олиб ҳамда божхона аудити ўтказилиши давомида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини чекланиши йўл қўймаслик мақсадида, таклиф этилаётган нормадан “божхона органи мансабдор шахсларига тегишли шарт-шароитлар яратиб бериш” сўзларини чиқариб ташлаш лозим.
8. Лойиҳанинг 1-моддаси 6-бандида Божхона кодексининг 2012-модда билан тўлдириш таклиф этилмоқда.
Мазкур модданинг иккинчи қисми еттинчи хатбошисига кўра:
“Божхона аудитида ваколатли шахснинг мажбуриятлари:
...
божхона аудитини ўтказиш учун зарур ҳужжатларни (маълумотларни) ахборот тизимларининг маълумотлар базалари билан таққослашга шароит яратиш, шунингдек, қоғоз ва электрон ахборот ташувчилардаги зарур ҳужжатларнинг (маълумотларнинг) аслини ва уларнинг нусхаларини бериш;
...”.
Бироқ, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 25 февралдаги 101-сон Қарори билан тасдиқланган Божхона аудитини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомнинг
61-бандида божхона аудитида ваколатли шахснинг мажбуриятлари этиб “божхона аудитини ўтказиш учун зарур ҳужжатларни (маълумотларни) ахборот тизимларининг маълумотлар базалари билан таққослашга шароит яратиш, шунингдек, қоғоз ва электрон ахборот ташувчилардаги зарур ҳужжатлардан (маълумотлардан) нусхалар бериш” белгиланган ва бунда зарур ҳужжатларнинг асл нусхаларини бериш назарда тутилмаган.
Шу боис, таклиф этилаётган нормадан “аслини” сўзини чиқариб ташлаб, уни қуйидаги таҳрирда баён этиш лозим:
“божхона аудитини ўтказиш учун зарур ҳужжатларни (маълумотларни) ахборот тизимларининг маълумотлар базалари билан таққослашга шароит яратиш, шунингдек, қоғоз ва электрон ахборот ташувчилардаги зарур ҳужжатлардан (маълумотлардан) нусхалар бериш”.
9. Лойиҳанинг 1-моддаси 6-бандида Божхона кодексининг 2012-модда билан тўлдириш таклиф этилмоқда.
Мазкур модданинг иккинчи қисми ўн бешинчи хатбошисига кўра:
“Божхона аудитида ваколатли шахснинг мажбуриятлари:
...
божхона аудитидан ўтказиладиган ваколатли шахснинг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин;
...”.
Бироқ, мазкур бандда “бошқа мажбуриятлар” тушунчасини турлича ва кенг маънода тушуниш мумкин.
Бу эса амалиётда божхона аудитини ўтказиш жараёнида ваколатли шахсга нисбатан асоссиз ва ортиқча мажбуриятлар юкланиши, шунингдек суиистеъмоллик ва коррупция ҳолатларига шароит яратиб бериши мумкин.
Юқоридагиларни инобатга олиб ҳамда божхона аудити жараёнида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун маъмурий тўсиқлар вужудга келишига йўл қўймаслик мақсадида, таклиф этилаётган нормадан “божхона аудитидан ўтказиладиган ваколатли шахснинг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин” сўзларини чиқариб ташлаб, божхона аудитида ваколатли шахс мажбуриятларининг тугал рўйхатини аниқ кўрсатиб ўтиш лозим.
10. Лойиҳанинг 1-моддаси 6-бандида Божхона кодексини қуйидаги таҳрирдаги 2013-модда билан тўлдириш таклиф этилмоқда:
“Божхона аудитида ваколатли шахсларнинг банк ҳисобварақлари ва операциялари бўйича маълумотлари банклар томонидан божхона органларига тақдим этилиши шарт”.
Таъкидлаш лозимки, “Банк сири тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасига мувофиқ, банк операциялари ва ҳисобварақлари банк сири ҳисобланади.
Бунда ушбу Қонуннинг 9-моддасига кўра, банк сирини ташкил этувчи маълумотлар прокуратура, тергов ва суриштирув органларига мазкур банк мижозига (вакилига) нисбатан қўзғатилган жиноят иши мавжуд бўлган тақдирда, етказилган зарар ундириб олинишини ёки унинг мол-мулки хатланишини таъминлаш мақсадида терговчи ёхуд суриштирувчининг асослантирилган қарорига биноан прокурор санкцияси билан тақдим этилади.
Жиноят-процессуал кодексининг 38-моддасига мувофиқ, Давлат божхона қўмитасининг ва унинг жойлардаги бўлинмалари жиноят ишлари бўйича суриштирувни амалга ошириш ҳуқуқига эга.
Бундан кўриниб турибдики, банк сирини ташкил этувчи банк операциялари ва ҳисобварақлари бўйича маълумотларни божхона органи ва унинг жойлардаги бўлинмалари суриштирув органи сифатида банк мижозига (вакилига) нисбатан қўзғатилган жиноят иши мавжуд бўлган тақдирда прокурор санкцияси билан олишлари мумкин.
Шу боис, божхона аудитида ваколатли шахсларнинг банк ҳисобварақлари ва операциялари бўйича маълумотлари банклар томонидан божхона органларига тақдим этилишини белгилаб қўйиш қонунчиликка зиддир.
Юқоридагиларни инобатга олиб ҳамда божхона аудити жараёнида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини чекланиши йўл қўймаслик мақсадида, лойиҳадан таклиф этилаётган 2013-моддани чиқариб ташлаш лозим.
27.04.2021
10:28