Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 478 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида риэлторлик хизматларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори (ID-46368) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1. Лойиҳа 1-банди бешинчи хатбошига кўра:
“Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда Ўзбекистон риэлторлик ташкилотлари Ассоциациясининг риэлторлар ҳамжамияти ўртасида профессионал ахборот алмашувининг умуммиллий тизими сифатида қуйидагилар имконини берувчи Ўзбекистон Республикаси риэлторлик фаолиятининг Миллий мультилистинг тизимини (кейинги ўринларда – Мультилистинг тизими) яратиш ҳақидаги таклифига розилик берилсин:
.....,
кўрсатилган риэлторлик хизматлари учун воситачилик ҳақини тақсимлаш тўғрисидаги қўшма битимлар асосида Мультилистинг тизимидаги риэлторлик ташкилотлар ўртасида ҳамкорликни амалга ошириш, улар манфаатларининг ҳимоя қилинишини кафолатлаш ва шу тариқа кўрсатиладиган риэлторлик хизматлари сифатини ошириш”
......
Кўриниб турганидек, бунда кўрсатилган риэлторлик хизматлари учун воситачилик ҳақини тақсимлаш асосида Мультилистинг тизимидаги риэлторлик ташкилотлари ўртасида ҳамкорликни амалга ошириш мажбурий қилиб белгиланган.
Бироқ, муайян мажбурий шартлар асосида шартномаларни тузишни белгилаш шартнома тузиш эркинлиги тамойилларига зиддир.
Шу боис, лойиҳа 1-банди бешинчи хатбошини, шунингдек, лойиҳа 1-иловаси 3-бандидан “воситачилик ҳақи тақсимоти” сўзларини ҳамда 7-бандни чиқариб ташлаш лозим.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ушбу бандни лойиҳадан чиқариб ташлашни мақсадга мувофиқ деб биламиз.
2. Лойиҳа 2-бандига кўра, “Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Мультилистинг тизимини яратиш ва жорий этилишини ташкил этиш, шунингдек, қонунчиликда белгиланган тартибда Мультилистинг тизимини самарали ишлашини таъминловчи операторни аниқлаш бўйича танлов ўтказиш учун ваколатли давлат органи ҳисобланади”, - деб белгиланган.
Бироқ, лойиҳада Мултилистинг тизими ишини ташкил этиш тартиби аниқ белгиланмаган. Мисол учун, ушбу тизим давлат-хусусий шериклик асосида ёки давлат харидлари шаклида ёхуд ўзгача шаклда амалга оширилиши, танлов ўтказиш ва ғолибни аниқлаш механизмлари келтирилмаган.
Бу эса, амалиётда турли ноаниқликлар ва тушунмовчиликларни, шунингдек коррупциоген ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин.
Шу сабабли, лойиҳада Мултилистинг тизими ишини ташкил этиш тартибини аниқ белгилаш зарур.
3. Лойиҳа 3-банди иккинчи хатбошига кўра:
“Мультилистинг тизими оператори:
Мультилистинг тизимини жорий этиш ва самарали ишлатиш шунингдек, белгиланган тартибда республика вазирлик ва идораларининг ахборот ва электрон тизимлари, шу жумладан “Электрон нотариус” тизими, “Гаров реестри” ягона ахборот маълумотлар базаси ва бошқа ахборот базалари билан интеграция қилиш учун масъулдир;
Лойиҳа 1-иловаси 2-банди учинчи хатбошида эса:
“Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) – Мультилистинг тизимини яратиш ва жорий этилишини ташкил этиш учун масъул ваколатли орган”, - деб белгиланган.
Кўринадики, бунда айнан бир масала бўйича икки субъект масъул сифатида келтирилмоқда. Бунда, уларнинг вазифаларида аниқ чегаралар белгиланмаган.
Бу эса, ўз навбатида, амалиётда ноаниқликлар ва чалкашликларни келтириб чиқариши мумкин.
Шу боис, лойиҳада қайси субъект айнан қайси масалалар доирасида масъул эканлигини аниқ белгилаш мақсадга мувофиқдир.
4. Лойиҳа 5-банди иккинчи хатбошига кўра, “Мультилистинг тизимини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, тизимдан фойдаланиш қоидалари ва хизмат кўрсатиш учун ундириладиган абонентлик тўловлари миқдори Давлат активларини бошқариш агентлиги билан келишилган ҳолда оператор томонидан тасдиқланади”, - деб белгиланган.
Бунда, тизимдан фойдаланиш қоидалари ва тўловлари миқдорини қўшимча ҳужжат билан тартибга солиш назарда тутилган.
Шунингдек, лойиҳа 1-иловаси 2-банди бешинчи хатбошига кўра:
“Мультилистинг тизимидан фойдаланиш қоидалари – Агентлик билан келишилган ҳолда оператор томонидан тасдиқланадиган, Мультилистинг тизимидан фойдаланиш ва унинг ишлаш қоидаларини ва тартибини, тизим иширокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайдиган ҳужжат”.
Бироқ, лойиҳа 1-иловаси 1-бандида “Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси риэлторлик фаолиятининг Миллий мультилистинг тизимига кўйиладиган асосий талабларни, унинг фаолиятини ташкилий асосларини, шунингдек унда фаолият юритадиган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди”, дейилган.
Кўриниб турганидек, лойиҳа нормалари ўртасида ўзаро номувофиқликларга йўл қўйилаган. Яъни, бир нормада тизимда фаолият юритадиган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ушбу Низом билан белгиланиши келтирилган бўлса, бошқа бир нормада мазкур муносабатлар оператор томонидан тасдиқланадиган Қоидалар билан белгиланиши назарда тутилган.
Бу эса, амалиётда турли ноаниқликлар ва тушунмовчиликларни келтириб чиқаради. Қолаверса, тизим иширокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини оператор томонидан тасдиқланадиган Қоидалар билан белгилаш мақсадга муовфиқ эмас.
Ваҳолангки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ–5505-сон Фармони 2-банди иккинчи хатбошисига кўра, қонунчилик базасини тизимлаштириш, ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш барқарорлигини таъминлаш вазифаси белгиланган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, тизимдан фойдаланиш қоидалари ва тўловлари миқдорини мазкур лойиҳанинг ўзида белгилаш лозим.
5. Мазкур Хулоса 4-бандида келтирилган асосларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа 2-иловаси 4-бандини чиқариб ташлаш лозим.
6. Таъкидлаш лозимки, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси (ID-19497) ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги ПФ–5505-сон Фармони билан тасдиқланган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясида аниқ соҳалардаги муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни имкон қадар қисқартириш, умумий тусдаги, ҳаракатсиз ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсир этмайдиган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш белгиланган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, шунингдек ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш мақсадида лойиҳадаги масалаларни “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси доирасида белгилаш мақсадга мувофиқдир.
7. Лойиҳа 2-иловаси 5-бандига кўра, риэлторлик ташкилотларини Мультилистинг тизимига жалб қилиш ва битимлар шаффофлигини таъминлаш Мультилистинг тизими операторининг вазифаси сифатида белгиланган.
Бу билан, тадбиркорлик субъекти бўлган операторга қўшимча мажбуриятлар юклаш назарда тутилган.
Ваҳолангки, лойиҳа 1-иловаси 2-банди олтинчи хатбошида тизимга уланиш ихтиёрийлик асосида амалга оширилиши назарда тутилган.
Шу боис, лойиҳа 2-иловасидан 5-бандни чиқариб ташлаш лозим.
29.06.2021
09:26