Нодавлат таълим ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва таълим жараёнида ёшлар учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида
Қарорга кўра, 2021 йил 1 июлдан 2024 йил 1 январга қадар вазирлик ва идоралар тизимидаги коллеж ва техникумларнинг бино ва иншоотларида (Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидан ташқари) фаолиятини амалга оширадиган нодавлат таълим ташкилотлари:
– ижара тўловидан озод этилади (сақлаш ва коммунал тўловлар бўйича харажатлар бундан мустасно);
– таълим жараёни натижасида олинган, ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни (иш ва хизматларни) таълим ташкилотлари учун назарда тутилган имтиёзлар (қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи бўйича) татбиқ этилган ҳолда реализация қилиш ҳуқуқига эга.
Дарсдан бўш вақтларда, шу жумладан ёзги таътил вақтида қуйидаги давлат мулки объектлари нодавлат таълим ташкилотларига ижарага берилади:
Мактабдан ташқари таълим курсларини, шунингдек, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш учун давлат умумий ўрта ва ОТМ бўш майдонлари;
Аҳолининг компьютер саводхонлиги бўйича курслар ташкил этиш учун қишлоқ жойларда жойлашган давлат умумий ўрта ва профессионал таълим муассасаларидаги компьютер синфлари.
Шунингдек, аҳолининг компьютер саводхонлиги бўйича курслар ташкил этиш учун нодавлат таълим ташкилотлари томонидан жалб қилинган ўқитувчилар иш ҳақи харажатларининг бир қисми ойига БҲМнинг 6 баробаригача миқдорида 2024 йил 1 январга қадар компенсация қилинади.
Қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун тадбиркорларга 50 млн сўмгача бир марталик субсидия ажратилади.
2021 йил 1 октябрдан солиқ тўловчи томонидан тегишли халқаро уюшмага аъзо бўлиш учун аъзолик бадалларига ҳамда қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун нодавлат таълим ташкилотларига йўналтириладиган ўзининг иш ҳақи ва бошқа даромадлари суммаси жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади.
07.07.2021
16:08