Нидерландияда Ўзбекистон савдо уйини очиш бўйича онлайн видеомулоқот бўлиб ўтди
2021 йил 28 июль куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчихонаси ва бошқа ташкилотлар ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчи ва экспортёрлар иштирокида Нидерландиянинг Амстердам шаҳрида Ўзбекистон савдо уйини очиш бўйича онлайн видеомулоқот бўлиб ўтди.
Тадбирда Нидерландиянинг “Agri Food NL LTD” компанияси раҳбари Т.Ахмади ва Даниянинг “Afghan Dutch BV” компанияси раҳбари Х.Манан сўзга чиқиб, Нидерландия, Бельгия ва Данияда республикамиз миллий маҳсулотлари савдосини йўлга қўйиш мақсадида савдо уйлари очиш ва ушбу давлатларда миллий маҳсулотлардан намуналар жойлаштириш учун шоу-румлар ташкил этиш таклифларини билдиришди.
Учрашувда Нидерландиядаги Ўзбекистон савдо уйига жойлаштириш учун маҳаллий тадбиркорлик субъектлари томонидан текстиль, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, ҳунармандчилик буюмлари ва доривор ўсимликлар маҳсулотларини етказиб бериш борасидаги таклифлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, тадбирда жорий йил иккинчи ярмида Бенилюкс давлатларида Ўзбекистоннинг миллий маҳсулотлар кўргазмасини ташкил масалалари ҳам муҳокама этилди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси масъул ходими Ғафуржон Усманов иштирок этиб, Бенилюкс давлатларида миллий маҳсулотлар кўргазмасини ташкил этиш бўйича қуйидаги таклифларни билдириб ўтди:
- Нидерландия, Бельгия, Дания ва бошқа давлатларда ташкил этиладиган савдо уйлари учун хорижий бозор талабларидан келиб чиқиб, экспортбоп бўлган озиқ-овқат ва ноозиқ овқат маҳсулотларини алоҳида-алоҳида аниқлаб, сўнгра уларга маҳсулот етказиб берадиган маҳаллий экспортерларни танлаб олиш;
- Мазкур давлатларда ташкил этиладиган шоу-румларда озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотларининг маҳаллий бозордаги талабидан келиб чиқиб, алоҳида тармоқ йўналишларига ажратган ҳолда, маҳсулотлар намойишини ўтказиш;
- Нидерландия, Бельгия, Дания ўтказилиши режалаштирилаётган “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” рукни остидаги миллий кўргазмалар учун шаҳарларни аниқлаштириш, мос келадиган жойларни танлаб олиш ҳамда уларни ташкил этишнинг аниқ санаси ва товарлар номенклатурасини белгилаб олиш;
- Ҳар бир тармоқ йўналиши бўйича салоҳиятли экспортерларни мазкур савдо уйлари ва кўргазмаларга маҳсулотларидан намуналарни жойлаштиришга жалб этиш.
Тадбир давомида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан мазкур давлатларда Ўзбекистон маҳслотлари учун савдо уйлари ҳамда миллий кўргазмаларни мутасадди ташкилот ва хорижий ҳамкорлар билан биргаликда ташкил этишга тайёрлиги билдирилди.
28.07.2021
18:01