Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 529 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори
(ID-47323) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1.Лойиҳа 1-бандига кўра, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олиш бўйича комиссия (кейинги ўринларда – Ҳукумат комиссияси деб юритилади) ташкил этилсин ва унинг таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин”, - деб белгиланган.
Бунда, энг яхши таклифни танлаб олиш Ҳукумат комиссияси томонидан амалга оширилиши назарда тутилган.
Бироқ, шуни инобатга олиш лозимки, бунда энг яхши таклифни танлаб олиш жараёнида бюрократизм, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқлар юзага келиши, қабул қилинаётган қарорлар ва аниқ натижаларга эришиш учун жавобгарликнинг сусайиши каби ҳолатлар юзага келиши мумкин.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил
8 сентябрдаги ПФ-5185-сонли Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар Концепциясининг II-боби 3-бандига кўра, “Тегишли ваколатларни аниқ давлат органларига ўтказиш ва уларга қабул қилинаётган қарорларнинг натижаси учун жавобгарликни юклаш орқали давлат-ҳокимият ваколатлари берилган идоралараро коллегиал органларни (комиссиялар, кенгашлар, ишчи гуруҳлар ва бошқалар) тубдан қисқартириш” белгиланган.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил
28 августдаги “Идоралараро коллегиал органларни тубдан қисқартириш ва янада оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5527-сонли Фармони
4-бандига кўра:
амалий аҳамиятга эга бўлмаган, шунингдек, давлат бошқарувида, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида бюрократизм, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларнинг юзага келишига сабаб бўладиган идоралараро коллегиал органларни ташкил этиш ва фаолият юритиши;
идоралараро коллегиал органларга давлат органлари вазифа ва функцияларининг ўрнини эгаллашга, қабул қилинаётган қарорлар ва аниқ натижаларга эришиш учун жавобгарликнинг сусайишига олиб келувчи такрорловчи ва параллел функцияларни юклаш тақиқланади.
Кўриниб турганидек, энг яхши таклифни танлаб олишнинг Ҳукумат комиссияси томонидан амалга оширилиши мақсадга мувофиқ эмас ва бу амалдаги қонунчилик талабларига ҳам тўғри келмайди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ер ажратиш каби ўта муҳим масалани ҳал этишда коррупция ҳолатларини олдини олиш, бунда инсон омилини бутунлай истисно қилиш мақсадида энг яхши таклифларни танлаш ва уларга ер ажратиш мезонларини аниқ ва қатъий, яъни ҳар хил талқин қилинишини истисно қиладиган даражада белгилаш ҳамда энг яхши таклифларни танлаб олишни электрон тизим ёки платформа яратган ҳолда амалга ошириш тавсия этилади.
2.Лойиҳанинг 4-банди бешинчи хатбоши ва лойиҳа 2-иловаси 4-бандига кўра, “танланган ерга бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматининг 50 бараваридан кам бўлган қийматдаги йирик инвестиция лойиҳаси бўйича таклифлар кўриб чиқилмайди”.
Бунда ортиқча бўлган талаб ҳамда лойиҳадаги бошқа нормалар билан ўзаро номувофиқликни келтириб чиқарган норма назарда тутилган.
Ваҳолангки, лойиҳа 2-иловаси 1-бандида:
“Ушбу Регламент Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қиймати камида 10 миллион АҚШ доллари эквивалентига тенг бўлган йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олиш ва ушбу лойиҳани амалга ошириш учун ижарага ер бериш тартибини белгилайди”, - деб белгиланган.
Лойиҳани ишлаб чиқиш асоси бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ–6243-сон Фармонида ҳам фақат мазкур талаб (қиймати камида 10 миллион АҚШ доллари эквивалентида бўлган йирик инвестиция лойиҳаси) назарда тутилган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳанинг 4-банди бешинчи хатбоши ва лойиҳа 2-иловаси 4-бандини чиқариб ташлаш лозим.
3.Лойиҳа 2-иловаси 5-бандида йирик инвестиция лойиҳалари бўйича таклифларни баҳолаш мезонлари белгиланган.
Бироқ, мазкур мезонлар аниқ ва қатъий бўлмай, ҳар хил талқин қилиш имконини беради.
Бу эса, амалиётда коррупция ҳолатларига шароит яратиб бериши аниқ.
Шу боис ҳамда мазкур Хулоса 1-бандида келтирилган асосларни инобатга олган ҳолда, энг яхши таклифларни танлаб олиш мезонларини аниқ ва қатъий, яъни турлича талқин қилинишини истисно қиладиган даражада белгилаш лозим.
4.Лойиҳа 2-иловаси 10-банди бешинчи хатбошига кўра, талабгор томонидан аризага “талабгор томонидан муқаддам муваффақиятли амалга оширилганлойиҳалари тўғрисида маълумот (портфолио)” илова қилиниши белгиланган.
Аммо, мазкур талаб ҳам ортиқча кўринади.
Ваҳолангки, барча талабгорлар ҳам ўз фаолиятини муқаддам юритган бўлмаслиги, баъзи талабгор фаолиятини янги бошлаётган бўлиши ёки инвестиция киритмоқчи бўлган фаолият у учун янги йўналиш бўлиши мумкин.
Бундай ҳолатларда эса, унинг аризаси тўлиқ тақдим этилмаганлиги важи билан қайтарилиши мумкин.
Бу каби, салбий ҳолатларнинг олдини олиш, шунингдек инвестиция бозорида барча талабгорларга тенг имкониятларни таъминлаш мақсадида, юқоридаги нормани чиқариб ташлаш лозим.
5.Лойиҳа 2-иловаси 30-31-бандларида танлов ғолибига ер учаткаси ажратилгандан сўнг ғолиб билан тегишли туман (шаҳар) ҳокимлиги ўртасида ер ижараси шартномаси ҳамда ғолиб ва ишчи орган ўртасида инвестиция шартномаси тузилиши белгиланган.
Бироқ, бунда ўта мураккаб бўлган тартиб ҳамда сунъий бюрократик ва маъмурий тўсиқларни яратиш назарда тутилган.
Бундай мураккаб ва кўп босқичли тартибни белгилаш ҳозирги кунда амалга оширилаётган ислоҳотларга мазмунан тўғри келмайди.
Шу боис, лойиҳа 2-иловасида танлов ғолиби билан фақат ер ижараси шартномаси тузилиши ҳамда унда инвестиция киритиш мажбуриятини юкловчи алоҳида бир банднинг киритилишини назарда тутиш мақсадга мувофиқ.
6.Лойиҳа 2-иловаси 49-банди 2-3-хатбошиларига кўра:
Инвестиция вазирлигининг ҳудудий бошқармалари инвестиция лойиҳаси ижросинининг мониторинги амалга ошириладиган кун ва вақт ҳақида камида уч кун олдин талабгорни ёзма равишда хабардор қилиши шарт.
Мониторинг натижалари бўйича талабгор ва Инвестиция вазирлиги ва Кадастр агентлигининг ҳудудий бошқармалари вакиллари иштирокида мониторинг далолатномаси тузилади ҳамда уч нусхада тасдиқланади.
Шунингдек, лойиҳа 2-иловасининг 50-бандига кўра, “Инвестиция вазирлиги ва Кадастр агентлигининг ҳудудий бошқармалари томонидан инвестиция лойиҳалари ижросини ўрганиш мақсадида ўтказиладиган мониторинг тадбирлари тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган текшириш ҳисобланмайди ҳамда назорат қилувчи органлар билан келишиш ёки уларни хабардор қилиш талаб этилмайди”, - деб белгиланган.
Бироқ, юқоридагилардан кўринадики, лойиҳада назарда тутилган мониторинг мазмунан текширишларни англатади.
Чунки, бунда мониторинг жойига чиққан ҳолда ўтказилиши, натижаси юзасидан далолатнома тузилиши, олдиндан талабгор огоҳлантирилиши белгиланмоқда.
Аммо, мониторинг – бу масофадан туриб, тадбиркорлик субъекти фаолиятига аралашмаган ҳолда, тегишли давлат ташкилотларида мавжуд бўлган маълумотлардан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган фаолият.
Юқоридаги ҳолатда эса, мониторинг текширишларга айланиб кетади.
Шу боис, лойиҳа 2-иловасида мониторингни амалга ошириш масофадан туриб, тадбиркорлик субъекти фаолиятига аралашмаган ҳолда амалга оширилишини белгилаш лозим.
7.Таъкидлаш лозимки, лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги ПФ–6243-сон Фармонидан келиб чиқиб ишлаб чиқилган бўлсада, аммо бу орқали тадбиркорларга ер ажратишнинг турли хил усуллари таклиф этилмоқда.
Ерларни тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланишга тақсимлашда тенг ҳуқуқий шароитлар яратиш лозимлигини инобатга олиб, бунда ягона тизим, яъни ерларни фақат электрон онлайн-аукцион орқали сотиш тартибини жорий этиш масаласини яна бир бор кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
30.07.2021
18:03