ССП Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси биносида замонавий минитехнологиялар ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларининг доимий кўргазмаси ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининиг 2020 йил 28 майдаги №271-Ф сонли фармойишининг ижросини таъминлаш, вилоятда тадбиркорлик субъектларини ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш технологиялари билан доимий таништириб бориш, уларнинг фаолиятига кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ҳузурида замонавий минитехнологиялар ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари доимий кўргазмаси ташкил этилди.
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил қилинган кўргазмада, Хитой Халқ Республикасидаги ускуна ва минитехнологиялар ишлаб чиқаришда етакчи бўлган 19 та хорижий компанияларнинг 200 дан ортиқ минитехнологиялари келтирилган. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб қувватлаш, аҳолининг тадбиркорлик қилиш истагида бўлган қисмига арзон ва сифатли ишлаб чиқариш технологиялари етказиб бериш доимий мақсадида мазкур кўргазма ўз фаолиятини доимий равишда амалга оширади.
Кўргазмани Қашқадарё вилоят ҳокими З.Т.Мирзаев очиб берди. Кўргазмада вилоят сектор раҳбарлари, тижорат банклари, туман шаҳар ҳокимликлари ва тадбиркорлар, ўз тадбиркорлигини бошлаш истагида бўлган маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок этишди.
Ҳозирда вилоятимиздаги банд бўлмаган аҳолини тадбиркорликка жалб этиш орқали бандлигини таъминлаш мақсадида, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар турли йўналишдаги тадбиркорлик курслари орқали ўқитилмоқда. Жумладан, палата қошида ташкил этилган ўқув маркази орқали ёшларни тадбиркорлик курсларига ўқитиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Кўргазма ташкил этилиши натижасида ўқув курсларини тамомлаган битирувчилар ўз ҳудудларида устувор бўлган драйвер йўналишлари бўйича тадбиркорликни бошлаши учун зарур бўладиган ускуна ва минитехнологияларни биринчи қўлдан олиш имкониятига эга бўладилар.
Кўргазмада жойлаштирилган ускуналарни сотиб олишнинг энг эътиборли томони шундаки, таклиф этилаётган ускуналар, мини технологияларнинг нархлари ва сотиб олиш шартлари барча турдаги тадбиркорлик субъектлари учун хусусан, ўзининг тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган фуқароларимиз айниқса ёшлар ва хотин-қизларимиз учун жуда ҳамёнбоплиги билан уларга қулайлик ҳамда қўшимча имкониятлар яратади.
Жумладан, доимий кўргазмада қуйидаги ускуна ва минитехнологиялар намойиш этилмоқда:
1. Қишлоқ ҳўжалиги соҳасида агромотокультиваторлар;
2. Хизмат кўрсатиш соҳасида мотоцикллар;
3. Тикувчилик соҳасининг 10 дан ортиқ йўналишида тикув ускуна ва дастгоҳлари ва машиналари;
4. Умумий овқатланиш соҳасининг 20 дан ортиқ йўналишида ускуналар;
5. Гўшт ва озиқ овқат маҳсулотлари қиймалагичлари 5 турдан ортиқ вариантда,
6. Паррандачилик йўналишида инкубаторлар;
7. Лаваш, ход-док, грилл тайёрлаш ускуналари,
8. Қандолат маҳсулотларини тайёрлаш ускуналари;
9. Нон ва нон маҳсулотлари пишириш печларининг 10 дан ортиқ турдаги вариантлари;
10. Тайёр озиқ овқат махсулотларини қадоқлаш ускуналарининг 10 дан ортиқ турлари.
11. Шарбат тайёрлаш ускуналарининг 10 дан ортиқ турлари ва бошқалар кўргазма залидан ўрин олган.
Ташкил этилган кўргазма стендларида 23 та тармоқ субъектларининг 100 дан ортиқ турдаги маҳсулотлари ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимидаги корхоналар эхтиёжи учун ўзлаштиришга таклиф этилаётган 27 турдаги маҳсулотлар ҳақида маълумотларни хам олиш мумкин.
10.08.2021
09:53