Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 559 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низомни ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан савдо фаолиятини амалга ошириш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида” Қарори (ID-46834) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1. Лойиҳа 1-бандига кўра, “Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ республикадаги бозорлар ёки савдо комплексларини бошқарувчи ташкилотининг таъсисчилари ҳар қандай юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бўлиши мумкин”.
Таъкидлаш лозимки, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун 4-моддаси иккинчи қисмига кўра, “Давлат органлари (қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно), уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши қонун ҳужжатларида ман этилган бошқа шахслар тадбиркорлик фаолияти субъектлари бўлиши мумкин эмас”.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 майдаги ПҚ-5113-сон қарори 9-бандига мувофиқ “Янги ташкил этиладиган деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари устав капиталида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мажбурий иштироки бекор қилинсин”.
Хусусан, шуни эътироф этиш лозимки, давлат органларига мазкур ҳуқуқнинг берилиши амалда рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатиб, бозорлар ёки савдо комплексларини тадбиркорлик субъектлари томонидан ташкил этилишига давлат органлари томонидан сунъий бюрократик тўсиқлар қўйилиши ҳолатларига олиб келиши мумкин.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳадан бозорлар ёки савдо комплексларини давлат органлари томонидан ташкил этилиши мумкилигига доир барча нормаларни чиқариб ташлаш лозим.
2. Лойиҳа 1-иловаси 1-банди бешинчи хатбошисига кўра, “бозор ёки савдо комплексини бошқарувчи ташкилот – бозорни ёки савдо комплексини ташкил қилиш ҳуқуқини берувчи тегишли рухсатномани белгилаган тартибда олган бозор ёки савдо мажмуасини мулкдори ҳисобланган юридик шахс”.
Бунда, мазмунан бозорни ёки савдо комплексини ташкил қилиш учун рухсатнома олиш лозимлиги, яъни рухсат бериш тартиб-таомили белгиланмоқда.
Бироқ, шуни таъкидлаш лозимки, амалдаги қонунчиликка мувофиқ бозорни ёки савдо комплексини ташкил қилиш учун рухсатнома олиниши лозимлиги белгиланмаган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 августдаги ПФ-6044-сон Фармони 5-бандига мувофиқ амалга оширилиши учун лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат ва ваколатли органни хабардор қилиш талаб этиладиган фаолият турлари рўйхатлари қонун билан тасдиқланади.
“Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонун 19-моддасига мувофиқ “Ушбу Қонуннинг 2-иловасида кўрсатилган фаолият (ҳаракатлар) турлари амалга оширилиши учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш талаб этиладиган фаолият (ҳаракатлар) турларидир”.
Шундан келиб чиқиб, лойиҳа 1-иловаси 1-банди бешинчи хатбошисидан “бозорни ёки савдо комплексини ташкил қилиш ҳуқуқини берувчи тегишли рухсатномани белгилаган тартибда олган” сўзларини чиқариб ташлаш лозим.
3. Лойиҳа 1-иловаси 3-бандига кўра:
“Бозорни ташкил этиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тасдиқлаган, ўз ҳудудида архитектура, шаҳарсозлик ва қурилиш меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ, шунингдек бозорларнинг у ёки бу турига бўлган эхтиёжни инобатга олган ҳолда бозорлар ташкил этишни назарда тутувчи Режага асосан амалга оширилади.
Бозорларнинг у ёки бу турига бўлган эхтиёжни аниқлаш тегишли худуддаги аҳолини у ёки бу маҳсулотлар билан таъминлаш зарурияти орқали аниқланади”.
Бунда, мазмунан бозорлар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг рухсати ва қарори асосида ташкил этилиши белгиланмоқда, яъни рухсат бериш тартиб-таомили белгиланмоқда.
Ваҳолангки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 августдаги ПФ-6044-сон Фармони 5-бандига мувофиқ амалга оширилиши учун лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат ва ваколатли органни хабардор қилиш талаб этиладиган фаолият турлари рўйхатлари қонун билан тасдиқланади.
“Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонун 19-моддасига мувофиқ “Ушбу Қонуннинг 2-иловасида кўрсатилган фаолият (ҳаракатлар) турлари амалга оширилиши учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш талаб этиладиган фаолият (ҳаракатлар) турларидир”.
Шунингдек, “бозорларнинг у ёки бу турига бўлган эхтиёжни инобатга олган ҳолда” тушунчаси кенг маъно ифлодалаб, уни турлича талқин қилиш мумкин. Чунки, амалдаги қонунчилик билан “бозорларнинг у ёки бу турига бўлган эхтиёжни” аниқлаш механизмлари белгиланмаган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 майдаги ПҚ-5113-сон қарори 9-бандига мувофиқ “Янги ташкил этиладиган деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари устав капиталида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мажбурий иштироки бекор қилинсин”.
Яъни, тадбиркорлик субъектларига мустақил тўлиқ ўз улуши асосида деҳқон бозорлари ва савдо комплексларини ташқил қилиш ҳуқуқи берилди.
Бунда, юқоридаги каби тартиб-таомилларнинг белгиланиши мазмунан тадбиркорлик фаолиятини чекланишига, тадбиркорлар фаолиятига ҳаддан ташқари маъмурий аралашишга сабаб бўлади.
Шу сабабли, юқоридаги талабларни давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган бозорлар ёки савдо комплексларига татбиқ қилиниши тўғри бўлар эди.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳада юқоридаги талабларнинг давлат улуши мавжуд бўлмаган бозорлар ёки савдо комплексларига татбиқ қилинмаслигини белгилаб қўйиш лозим.
4. Лойиҳа 1-иловаси 6-бандига кўра, “Бозорларни фаолиятини ташкил этиш юридик шахс томонидан “E-IJRO AUKSION” савдо майдончаси орқали ер реализация қилингандан сўнг ўн календар кунидан кечикмаган ҳолда бериладиган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг бозорни ташкил этиш учун ер участкасини ажратиш тўғрисидаги қарори асосида амалга оширилади”.
Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 августдаги ПҚ-4427-сон қарори 2-банди “в” кичик бандига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг аукцион ғолиби номига ер участкасини ажратиш бўйича қарор қабул қилиши тўғрисидаги талаб бекор қилинади.
Шундан келиб чиқиб, лойиҳа 1-иловаси 6-бандини чиқариб ташлаш лозим.
5. Лойиҳа 1-иловаси 9-бандига кўра, “Бозор ёки савдо комплекси учун берилган ер майдонидан бошқа мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилмайди”.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 майдаги ПҚ-5113-сон қарори 9-бандига мувофиқ “Янги ташкил этиладиган деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари устав капиталида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мажбурий иштироки бекор қилинсин”.
Яъни, тадбиркорлик субъектларига мустақил тўлиқ ўз улуши асосида деҳқон бозорлари ва савдо комплексларини ташқил қилиш ҳуқуқи берилди.
Бунда, юқоридаги каби тартиб-таомилларнинг белгиланиши мазмунан тадбиркорлик фаолиятини чекланишига, тадбиркорлар фаолиятига ҳаддан ташқари маъмурий аралашишга сабаб бўлади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги ПФ-6243-сон Фармони 2-бандига кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади.
Бунда, мулк ҳуқуқи билан берилган ерларни қай мақсадда фойдаланиш ҳуқуқини тадбиркор мустақил ҳал қилиши лозим. Чунки, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун 18-моддаси учинчи қисмига кўра, “Тадбиркорлик субъекти мулк ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишига кўра эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади”.
Шу сабабли, юқоридаги талабни давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган бозорлар ёки савдо комплексларига татбиқ қилиниши тўғри бўлар эди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб ҳамда мазкур Хулосанинг 4-бандида келтирилган асосларни инобатга олган ҳолда, лойиҳада юқоридаги талабнинг давлат улуши мавжуд бўлмаган бозорлар ёки савдо комплексларига татбиқ қилинмаслигини белгилаб қўйиш лозим.
6. Лойиҳа 1-иловаси 4-бобида бозор ва савдо комплексларида сотувчилар ва бошқарув ташкилотининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш назарда тутилган.
Бироқ, таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 майдаги ПҚ-5113-сон қарори 9-бандига мувофиқ “Янги ташкил этиладиган деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари устав капиталида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мажбурий иштироки бекор қилинсин”.
Яъни, тадбиркорлик субъектларига мустақил тўлиқ ўз улуши асосида деҳқон бозорлари ва савдо комплексларини ташқил қилиш ҳуқуқи берилди.
Бунда, бозорда сотувчилар ва бошқарув ташкилотининг ҳуқуқ ва мажбуриятларининг белгиланиши мазмунан тадбиркорлик фаолиятини чекланишига, тадбиркорлар фаолиятига ҳаддан ташқари маъмурий аралашишга сабаб бўлади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб ҳамда мазкур Хулосанинг 4-бандида келтирилган асосларни инобатга олган ҳолда, лойиҳада фақат давлат улуши мавжуд бўлган бозорлар ёки савдо комплексларида фаолият юритувчи сотувчилар ва бошқарув ташкилотининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқ.
7. Лойиҳа 1-иловаси 21-бандига кўра, “Бозор ёки савдо комплексини бошқариш бошқарувчи ташкилоти томонидан амалга оширилади ва унга ушбу Низомга ҳамда савдо фаолиятини тартибга солувчи бошқа қонунчиликка риоя этилиши юзасидан жавобгарлик юкланади”.
Бунда, бозор ва савдо комплекслари мазмунан фақат бозор ёки савдо комплексини бошқарувчи ташкилот томонидан бошқарилиши назарда тутилмоқда.
Бироқ, тадбиркорлик субъектлари томонидан ташкил этиладиган бозор ва савдо комплекслари, уларнинг мулкдорлари томонидан тайинланадиган бошқа жисмоний шахс ёки коллегиал ижро органи томонидан ҳам бошқарилиши мумкин.
Шундан келиб чиқиб, мазкур нормани қайта кўриб чиқиш лозим.
8. Лойиҳа 1-иловаси 52-бандига кўра, “Солиқ органлари томонидан ўтказиладиган текширишларга истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоат ташкилотлари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари вакиллари жалб этилиши мумкин”.
Таъкидлаш лозимки, “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ Савдо-саноат палатаси тадбиркорлик фаолияти субъектларини бирлаштирувчи нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланади. Давлат органларининг ва улар мансабдор шахсларининг Палата фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди.
Бундан ташқари, ушбу Қонун 7-бандига кўра, Палата аъзолари бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг мониторингини амалга оширади ҳамда ушбу фаолиятни текширишларда иштирок этади. Яъни, Палата аъзолари бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Шундан келиб чиқиб, шунингдек юқоридаги Қонунда Палатанинг ўз аъзолари бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларда иштирок этиш ҳуқуқи кўрсатиб ўтилганлигини инобатга олиб, лойиҳа 1-иловаси 52-бандини чиқариб ташлаш лозим.
9. Лойиҳа 2-иловаси билан Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан савдо фаолиятини амалга ошириш қоидаларини тасдиқлаш таклиф этилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сон қарори билан Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари ҳмда Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидалари тасдиқланган.
Бунда, бир хил масалаларнинг бир нечта ҳужжатлар билан тартибга солиниши улар нормаларининг такрорланишига, чалкашлик ва нормаларнинг ўзаро зид келиб қолиши ҳолатларига сабаб бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, таклиф этилаётган лойиҳа 2-иловаси айрим бандлари “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун ва Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари нормаларини такрорламоқда.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа 2-иловаси, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари ҳамда Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларини ягона ҳужжатга бирлаштириш мақсадга мувофиқдир.
10. Лойиҳа 4-иловаси 1-банди “к” кичик бандида Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари 1875-банднинг биринчи хатбошисини қуйидаги таҳрирда баён этиш таклиф этилмоқда:
“Сотувчи агентлар орқали тармоқли маркетинг йўли билан биологик фаол қўшимчалар (БАД), озиқ-овқат маҳсулотлари ва озиқ-овқат қўшимчалари, дори воситалари ва тиббий буюмларни сотиш тақиқланади”.
Бунда, биологик фаол қўшимчалар (БАД), озиқ-овқат маҳсулотлари ва озиқ-овқат қўшимчалари, дори воситалари ва тиббий буюмларни тармоқли маркетинг орқали сотиш тақиқиланмоқда.
Мазкур ўзгартириш лойиҳа муаллифи томонидан қуйидагича асослантирилган: “Охирги йилларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хулосасига кўра БАҚ (БАД) ҳисобланмайдиган озиқ-овқат қўшимчаларини аҳолига сотиш ҳолатлари кескин кўпайди. Бироқ, мазкур маҳсулот ишлаб чиқарувчиларининг тавсифига кўра улар шифобахш ва профилактик хоссаларга эга. Шу боис, бундай озиқ-овқат қўшимчалари сотилишини БАҚ сотилишига тенглаштириш мақсадга мувофиқ”.
Кўриниб турибдики, лойиҳа муаллифи томонидан келтирилган асос юқоридаги ўзгартириш ҳақида эмас, яъни ушбу ўзгартириш лойиҳа муаллифи томонидан асослантирилмаган.
Хусусан, мазкур фаолиятни тақиқлашнинг иқтисодий оқибатлари таҳлили ва хорижий тажриба келтирилмаган.
Шуни эътироф этиш жоизки, бу каби тақиқларни уларнинг иқтисодий ва ижтимоий оқибатларини таҳлил қилмасдан белгилаш амалда нафақат ишбилармонлик муҳитига, балки мамлакатнинг иқтисодий ҳолатига ҳам кескин салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди.
Шу билан бирга, мазкур норма ушбу соҳадаги тадбиркорларнинг ноқонуний фаолият кўрсатишига, хусусан яширин иқтисод улушининг кескин ортишига олиб келади.
Умуман олганда, эътироф этиш лозимки, бир нечта ҳуқуқбузарлик ёки инсофсиз тадбиркорлар сабаб бошқа инсофли ва қонуний фаолият юритаётган тадбиркорлар фаолиятига тақиқ қўйилиши бизнес муҳитига ва ушбу соҳада тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган аҳолининг кайфиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Шу сабабли, мазкур нормани лойиҳадан чиқариб ташлаш лозим.
11. Лойиҳа 4-иловаси 13-бандида Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларни) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларини қуйидаги таҳрирдаги 41-банди билан тўлдириш таклиф этилмоқда:
“Умумий овқатланиш субъекти ўз фаолиятини ташкил этишдасанитария-гигиена шохобчалари мавжуд бўлишини ва ташриф буюрувчиларни улардан бепул асосда эркин фойдаланишини таъминлаши шарт”.
Бироқ, лойиҳада ушбу санитария-гигиена шохобчаларида айнан қандай буюмлар бўлиши лозимлиги аниқлаштирилмаган.
Бундан ташқари, тадбиркорларга “мазкур шаҳобчалар ва уларда бўлиши лозим бўлган буюмлардан истеъмолчиларнинг бепул асосда эркин фойдаланишини таъминлаш” мажбуриятини юклаш иқтисодий жиҳатдан асослантирилиши лозим.
Чунки, ушбу талаб тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча молиявий харажатларга сабаб бўлиб, улар молиявий аҳволига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, ушбу норманинг мақсадга мувофиқлиги масаласини қайта кўриб чиқиш лозим.
13.08.2021
16:55