30 нафар ёшлар тест синовидан ўтказилди
Хабарингиз бор, Тошкент туманида ишсиз ва уюшмаган ёшларни касб ва тадбиркорликка ўқитиш, маблағ билан таъминлаш уларда бизнес кўникмаларини шакллантириш, имтиёзли кредитлар ажратиб, ўз фаолиятини бошлашларига кўмаклашиш мақсадида “Ҳар бир тадбиркор-ёшларга мададкор” тамойили асосида “Ёшлар: 1+1” дастури доирасида ўқув курсларига старт берилган.
Ўтган вақт мобайнида дастур доирасида ўқиган ёшларнинг деярли барчасига сертификат берилиб, ўз бизнесларини бошлашлари учун кредит ажратилди.
“Ёшлар:1+1” дастурининг 8-гуруҳ ёшлари учун ташкил этилган махсус ўқув курсларида ҳам Савдо-саноат палатаси Тошкент вилояти бошқармаси тасарруфидаги Тадбиркорликка кўмаклашиш маркази туман бўлинмаси, тижорат банклари, Давлат хизматлари маркази, Давлат солиқ инспекцияси туман бўлими ва бошқа тааллуқли ҳамкор ташкилотларнинг малакали мутахассислари томонидан бизнесга йўналтириш бўйича дарслар ўтилди.
Ўтказилган тест синовлари натижасига кўра, 30 нафар битирувчидан 30 таси яъни 100 % кўрсаткич билан тест синовларидан ўтишга муваффақ бўлиб, имтиёзли кредит олиш учун бериладиган сертификат эгаси бўлиш имконини қўлга киритди.
25.08.2021
15:24