2021 йил 6 сентябрь куни Ўзбекистон-Бангладеш бизнес форуми бўлиб ўтди.
Ушбу Форумда Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирининг ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, Савдо-саноат палатаси раиси Адхам Икрамов ҳамда Бангладеш Бош Вазиринг хусусий сектор саноати ва инвестициялар бўйича маслаҳатчиси Салмон Фазлур Раҳмон иштирок этдилар.
Тадбирнинг асосий мақсади - икки томонлама савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш, шунингдек, тадбиркорлар учун қўшимча имкониятлар яратишда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш.
Бундан ташқари мазкур тадбирда Бангладеш Бош вазири маслаҳатчиси бошчилигидаги 20 дан ортиқ давлат мутасаддилари ва ишбилармон доира вакиллари ташриф буюришди.
Бугунги Ўзбекистон-Бангладеш бизнес-форумида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга эътибор қаратилди Тадбир бошида Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирининг ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ўз нутқи билан сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Бангладеш ўртасидаги икки томонлама муносабатлар ўзаро ишонч ва шерикликнинг янги поғонасига кўтарилаётгани, бу икки мамлакатнинг кўплаб соҳалардаги биргаликдаги ҳамкорлигини мустаҳкамлашини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов ўз нутқида Ўзбекистон ва Бангладеш ишбилармон доиралари билан бундай муҳим тадбирларни ўтказиш ва ҳамкорликнинг аниқ асослари ва мақсадларини белгилаш учун Ишбилармонлар кенгашини тузиш мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш ва янада ривожлантириш учун жуда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида қайд этди.
Шундан сўнг Бангладеш Бош вазирининг маслаҳатчиси С.Фазлур Бангладеш мамлакати Ўзбекистон билан барча соҳаларда ҳамкорлик қилишга тайёр эканлиги ва бундан мамнун эканликларини маълум қилди.
Тадбир давомида, иштирокчилар томонидан соҳалар бўйича иқтисодий имкониятлар тўғрисидаги тақдимотлар намойиш этилди. Ишбилармон доира вакиллари ўртаисда ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш учун очиқ мулоқот ташкил этилди.
Маълумот учун: 2020 йил ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг Бангладеш билан ташқи савдо айланмаси қарийб 38 миллион долларга этди ва бу 13% ўсишни кўрсатди. Экспорт 22,4 миллион долларни ташкил этган бўлса, импорт 15,6 миллион долларни ташкил этди.
Мазкур тадбир давомида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Бангладеш Савдо-саноат палатаси федерацияси ўртасида Ишбилармонлар кенгашини тузиш тўғрисида шартнома алмашилди.
Тадбир сўнгида ўзбек ва бангладешлик хусусий сектор вакиллари икки мамлакатда ўз сармояси иштирокида қўшма лойиҳаларни янада ривожлантиришга ҳисса қўшиш истагини билдирди.
07.09.2021
10:20