Сайхунободда 6 минг тонна ёғ ишлаб чиқариш қувватига эга корхона иш бошлади
Сайхунобод туманидаги "Пахтакон" маҳалласида "Sayxun gold oil" МЧЖ томонидан ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш корхонаси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Қиймати 2 млн доллар бўлган, йилига 30 минг тонна пахта чигитини қайта ишлашга мўлжалланган корхонада 6 минг тонна сифатли ёғ маҳсулоти олинади. Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, эндиликда яна 70 нафардан ортиқ фуқаронинг доимий бандлиги таъминланади. Бу эса ўз-ўзидан туман аҳолисининг турмуш шароитини янада яхшилашга, уларнинг даромадини оширишга ҳизмат қилади.
Корхонанинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев, туман сектор раҳбарлари, вилоят ва туман ташкилот раҳбарлари ҳамда нуронийлар иштирок этишди.
Тадбирда вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев сўзга чиқиб, корхона фаолиятига муваффақият тилади ва бундай лойиҳаларнинг ишга тушиши, олиб борилаётган бунёдкорликлар, ўзгаришлар, янгиликларнинг кун сайин ортиб бораётганлиги юртимиз равнақи йўлида нечоғлик аҳамиятли эканлиги ҳақида тўхталиб ўтди.
Дарҳақиқат, Муҳтарам Президентимиз ташаббуси ва топшириқлари асосида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ижобий натижасини бермоқда. Биргина кластер тизимининг жорий этилиши ва бу тизим бугунги кунда ўзини тўлақонли оқлаб келаётганини ушбу корхона мисолида ҳам кўриш мумкин.
08.09.2021
09:47