Экспортчи корхоналарни рағбатлантиришга оид янги чора-тадбирлар қабул қилинди
Президент томонидан 7 сентябрь куни “Экспортчи корхоналарни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон имзоланди.
Ҳужжатга асосан 2021 йил 1 октябрдан бошлаб:
- Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан йиллик экспорт ҳажми $20 млн дан ошган корхоналарга бир марталик молиявий ресурслар $5 млн гача миқдорда тақдим этади. Улар экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун тижорат банклари орқали бир йилгача муддатга тақдим этилади;
- охирги 12 ой давомида $1 млн дан ортиқ тайёр тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилган корхоналарга асосий ва ёрдамчи ишлаб чиқариши учун бутловчи буюмлар, хом ашё ва материаллар олиб киришда божхона тўловларини тўлаш бўйича фоиз ҳисобланмаган ҳамда уларнинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда 120 кунга тўловни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имконияти берилади.
2021 йил 31 декабрга қадар қуйидагилар тўхтатилади:
- ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан жарималар қўлланилиши;
- ушбу Фармон кучга киргунига қадар қўлланилган жарималар ундирилиши.
2021 йил 1 октябрдан юқори сифат ва назорат тизимига эга мамлакатлардан сертификатланган ва декларацияланган асбоб-ускуна, бутловчи қисмлар, хом ашё, ўлчов воситалари, кимёвий реагентлар, кўтариш мосламалари ва транспорт воситалари импортида миллий сертификат олиш талаби бекор қилинади.
Қуйидагилар экспорти учун Президент ёки Вазирлар Маҳкамаси рухсати талаб қилинмайди:
- тариқ (ТИФ ТН кодлари 1008 21 000 0, 1008 29 000 0);
- қуритилган дуккакли экинлардан олинган ун ва кукун (ТИФ ТН коди 1106 10 000 0);
- мева ва ёнғоқлардан олинган ун ва кукун (ТИФ ТН коди 1106 30 900 0).
Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясига Европа мамлакатларига қўшилган қиймати юқори бўлган маҳсулотларни экспорт қилишда транспорт харажатларининг 50%ини компенсация қилиш тизимини бир йил муддатга жорий этиш топширилди.
Ҳужжат “Халқ сўзи” газетасида 8.09.2021 йилда эълон қилинган.
Манбаа: norma.uz
09.09.2021
10:04