Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг бизнес-форуми ташкил этилди.
2021 йил 10 сентябрь куни видеоконференцалоқа форматида Туркий бизнес-форум бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Туркий тилли Давлатлар Ҳамкорлик Кенгаши-замонавий туркий давлатларни бирлаштирувчи халқаро ташкилот бўлиб, унинг асосий мақсади аъзо давлатлар ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдир. Туркий кенгаш 2009 йил 3 октябрда ташкил этилган.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов видеоконференцалоқа форматида иштирок этди. Шунингдек, Боку шаҳрида Ўзбекистон Республикаси инвеститсиялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари А. Воитов бошчилигидаги Ўзбекистон делегатсияси ҳам қатнашди.
Бизнес-форумни Озарбайжон Республикаси Иқтисодиёт вазири М.Жабборов кириш сўзи билан очди. У ўз нутқи давомида Озарбайжон давлати Туркий Кенгаш мамлакатлари билан дўстлик алоқалари ва кўп қиррали ҳамкорликни юксак қадрлашини таъкидлади.
Шунингдек, тадбир давомида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши Бош котиби Б. Амреев сўзга чиқиб, Туркий кенгашининг ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашувчи минтақавий тузилма сифатида таъкидлаб, биринчи навбатда, савдо, сармоя инновация, транспорт, туризм, маданий-гуманитар алмашинув йўналишлар каби долзарб соҳаларда самарали салоҳиятга эга эканлигини қайд этди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов эса ўз нутқи давомида, Ўзбекистон ва Туркий Кенгаш мамлакатлари тарихий жиҳатдан нафақат маданий, лингвистик, маънавий ҳамжамият, балки анъанавий дўстлик ва ўзаро манфаатли муносабатлар билан боғлиқлигига эътибор қаратди. Таъкидланишича, Туркий давлатлар Савдо-саноат палаталари, биринчи навбатда, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароит яратиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишда ўзини ишбилармонлик билан ўзаро муносабатларнинг мувофиқлаштирувчи механизми сифатида намоён этди.
Самарали ҳамкорлик натижалари сифтида ташкил этилаётган қўшма тадбирларни кўришимиз мумкин бўлиб, улар ўз навбатида иқтисодиётнинг турли соҳаларида иштирок этувчи мамлакатларнинг бизнесини ривожлантиришда асосий платформа бўлиб хизмат қилади. Ўнлаб келишув ва имзоланган шартномалар, мунтазам учрашувлар ва тадбирлар бунинг яққол тасдиғидир.
Бизнес-форум якунида “B2B” форматида ҳам учрашувлар бўлиб ўтди, у ерда иштирокчи мамлакатлар ишбилармон доиралари ўртасидаги шериклик муносабатларини кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Очиқ мулоқот ўзаро манфаатли соҳаларни аниқ белгилашга имкон берди, бу эса истиқболли лойиҳалар ва келишувларни ишлаб чиқиш ва Туркий ҳамкорлик кенгашига аъзо давлатлар ишбилармон доиралари ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг самарали форматини аниқлаш имконини яратди.
10.09.2021
18:53