TOBB ETU Тошкент филиали ректори профессор А.Икрамовнинг 2 -курс талабалари билан учрашуви бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 13 сентябрь куни, Туркия иқтисодиёт ва технология университети Тошкентдаги филиалининг янги биносида университет ректори А.Икрамов "Халқаро бизнес ва тадбиркорлик" ва "е-тижорат ва технологияларни бошқариш" таълим йўналишлари бўйича 2 -курс талабалари билан анъанавий учрашув ўтказди.
Ректор иккинчи курс талабаларини табриклаган ҳолда, “Бизнинг талабалар ўқув жараёнининг фаол иштирокчилари, биз жаҳон таълимидаги тенденцияларни яхши биламиз ва классик университетнинг замонавий ва илғор бўлиши учун замон билан ҳамнафасмиз.Бугун сиз ўзингизни энг зўр, етакчи сифатида кўрсатдингиз, шу боис келажакдаги бошқа талабаларимиз учун ҳам намуна бўласизлар деб умид қиламиз” дея таъкидлаб ўтди.
Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси ҳамда Туркия Республикасида талабаларнинг таълим олишини янада такомиллаштириш, юқори малакали, ижодий фикрлайдиган, халқаро стандартларга асосланган, қобилиятли кадрларни тайёрлаш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, ўз интеллектуал қобилиятларини рўёбга чиқариш учун мустақил қарорлар қабул қилиш ва маънавий ривожланган шахс сифатида шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
13.09.2021
18:41