Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 618 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги Қарори (ID-49816) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1. Лойиҳа 1-иловаси 1-2, 5, 7-8, 19, 23-24, 27, 44-бандларига кўра, тадбиркорлик субъектларига берилган солиқ имтиёзларини бекор қилиш белгиланган.
Мазкур ўзгартиришлар Солиқ кодекси 75-моддаси билан асослантирилган.
Бироқ, “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-599-сон Қонуни 4-моддасига кўра, 2020 йилнинг 1 январигача қабул қилинган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган имтиёзлар уларнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар амал қилади.
Яъни, лойиҳа билан таклиф этилаётган ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар юқоридаги Қонун талабларига зид келмоқда.
Шу боис, лойиҳадан имтиёзларни бекор қилишга доир барча нормаларни чиқариб ташлаш лозим.
2. Лойиҳа 1-иловаси 3-банди “а” кичик бандига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 5 августдаги “Пул маблағларининг банкдан ташқари муомаласини янада қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 280-сон қарори 2-банди биринчи хатбошисини қуйидаги таҳрирда баён қилиш белгиланган:
“Давлат солиқ хизмати органларининг мансабдор шахсларига Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилган ҳолда улгуржи ва чакана савдода, умумий овқатланиш ва пулли хизматлар кўрсатиш соҳасида савдо ва нақд тушумни топшириш қоидаларига риоя қилиниши юзасидан сайёр солиқ текширувларини амалга ошириш ҳуқуқи берилсин”.
Бунда, юқоридаги тадбиркорлик фаолияти турларида савдо ва нақд тушумни топшириш қоидаларига риоя қилиниши юзасидан сайёр солиқ текширувларини амалга ошириш ҳуқуқи берилмоқда.
Айтиш жоизки, амалдаги қонунчиликда сайёр солиқ текширувларини ўтказишнинг белгиланган талаб ва қоидалари мавжуд. Яъни, бундай текширувар етарлича асослар мавжуд бўлганда амалга оширилади.
Шу боис, юқоридаги нормадаги “юзасидан” сўзидан кейин “қонунчиликда белгиланган тартибда” сўзларини киритиш лозим.
3. Лойиҳа 1-иловаси 16-бандига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сон қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 40-банди саккизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этиш белгиланган:
“Қуйидагилар давлат рўйхатидан ўтказишни, қайта рўйхатдан ўтказишни рад этиш учун асос бўлади:
....
юридик шахснинг манзилини ўзгартириш, шунингдек, юридик шахсни бошқа юридик шахсга қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш билан боғлиқ қайта рўйхатдан ўтказишда юридик шахснинг базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан ортиқ солиқ қарзи мавжудлиги ёки амалга оширилган товар айланма ёхуд товарлар импорти бўйича реализация ҳажмининг солиқ ҳисоботларида тўлиқ акс эттирилмаганлиги, шунингдек, солиқ ҳисоботларини белгиланган муддатларда топширмаганлиги;”.
Бунда, юридик шахснинг солиқ қарзи базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан ортиқ қилиб ўзгартирилиши (амалдаги қонунчиликда ушбу миқдор базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан ортиқ) етарлича асослантирилмаган.
Шунингдек, юқоридаги нормага юридик шахсни бошқа юридик шахсга қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш билан боғлиқ қайта рўйхатдан ўтказишларнинг киритилиши ҳам назарда тутилган. Кўринадики, бунда солиқ қарзи миқдорининг ушбу тарзда кескин ўзгартирилиши амалиётда тадбиркорлик субъектларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Шу боис, юқоридаги норманинг мақсадга мувофиқлиги масаласини қайта кўриб чиқиш зарур.
4. Лойиҳа 1-иловаси 18-бандига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 29 июндаги “Маҳаллий бюджетларнинг даромадлар базасини кенгайтириш захираларини аниқлаш ишларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 445-сон қарори 1-иловаси 16-17-бандларига ўзгартиришлар киритиш белгиланган.
Унга кўра, бозорларнинг тушумлари камайган ҳолларда бозорларда ҳамда нақд пул тушуми тўлиқ тушишини таъминлаш мақсадида савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида сайёр солиқ текширувлари ўтказилиши назарда тутилмоқда.
Айтиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 майдаги ПҚ-5113-сонли қарорига кўра, янги ташкил этиладиган деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари устав капиталида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мажбурий иштироки бекор қилинди.
Яъни, бундай бозорлар ва савдо комплекслари эндиликда тўлиқ тадбиркорлик субъектлари томонидан ташкил этилиши мумкин.
Тадбиркорлик субъектларида эса, сайёр солиқ текширувларини ўтказишнинг алоҳида тартиб-қоидалари амалдаги қонунчиликда белгиланган. Хусусан, Солиқ кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 январдаги “Солиқ хавфини бошқариш, солиқ хавфи мавжуд солиқ тўловчиларни (солиқ агентларини) аниқлаш ва солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги 1-сонли Қарорида сайёр солиқ текширувларини ўтказиш асослари ва тартиби келтирилган.
Юқоридаги бандларда назарда тутилган нормалар эса, мазкур ҳужжатлар талабларига тўғри келмайди.
Шу боис, лойиҳа 1-иловаси 18-бандида юқоридаги нормаларни чиқариб ташлашни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиш зарур.
5. Лойиҳа 1-иловаси 18-бандига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 29 июндаги 445-сон қарори 3-иловаси 21-банди 3, 5-хатбошиларига ўзгартиришлар киритиш белгиланган.
Мазкур Хулоса 4-бандида келтирилган асосларни инобатга олган ҳолда, мазкур хатбошиларни чиқариб ташлаш зарур.
6. Лойиҳа 1-иловаси 49-банди “а” кичик бандига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 ноябрдаги “Онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизими қўлланилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 943-сон қарорига 1а-илова киритилиши белгиланган.
Унинг 16-бандида эса:
“Электрон тўлов тизимини қуйидаги ҳолларда Давлат реестридан чиқарилади:
...;
унинг фаолиятига нисбатан қонун ҳужжатлари талаблари ўзгарганда;
... – деб белгиланган.
Аввало, мазкур норма аниқ ифодаланмаган, ундаги маъно тўлиқ англашилмаган.
Бу эса, амалиётда ушбу нормани турлича талқин қилинишига, турли ноаниқлик ва чалкашликларга олиб келади.
Қолаверса, бу каби мавҳум ва аниқ бўлмаган талабларнинг белгиланиши коррупция ҳолатларига шароит яратиб бериши мумкин.
Шу боис, юқоридаги нормани чиқариб ташлаш лозим.
7. Лойиҳа 1-иловаси 72-бандига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 январдаги 1-сонли қарори билан тасдиқланган “Солиқ текширувларини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 83-бандини қуйидаги таҳрирдаги бешинчи-еттинчи хатбошилар билан тўлдириш белгиланган:
“Банк пластик карталари орқали назорат харидини амалга оширишда жисмоний шахснинг шахсий банк пластик картасидан ҳамда Давлат солиқ қўмитаси томонидан тижорат банкларида очилган корпоратив банк пластик карталаридан фойдаланилади.
Назорат харидини амалга оширишда банк пластик карталаридан фойдаланиш тартибини Давлат солиқ қўмитаси белгилайди.
Назорат хариди жараёнида пластик карталардан ечилган пул маблағларини қайтариб бериш вазифасини назорат хариди ўтказилган солиқ тўловчи зиммасига юкланади”.
Бунда, солиқ текширувларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши назарда тутилган.
Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги ПФ-5505-сонли Фармони 7-бандида идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни имкон қадар қисқартириш белгиланган.
Шу боис, юқорида келтирилган масалаларни янги бир идоравий ҳужжатда эмас, балки “Солиқ текширувларини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг ўзида тартибга солиш мақсадга мувофиқдир.
8. Лойиҳа 1-иловаси 74-бандида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 февралдаги 66-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги тўғрисида”ги низом 1-иловаси 12-бандига қўшимча киритилиши белгиланган.
Унга кўра, Кадастр агентлигига мол-мулкларни кўчмас мулк жумласига кириши юзасидан хулоса бериш ваколатини тақдим этиш назарда тутилган.
Аммо, бунда янгича тартиб-таомилни, бюрократик хусусиятдаги янги бир хужжатни жорий этиш белгиланган.
Бунга асос сифатида эса, амалиётда кўчмас ва кўчар мулкларни тоифаларга ажратишда низоли ҳолатлар келиб чиқаётганлиги келтирилган.
Бироқ, бундай масалаларни ҳал этиш учун янгича ҳужжатни жорий этиш зарурати йўқ.
Ваҳолангки, қонунчиликка кўчмас ва кўчар мулкларнинг аниқ ажратувчи белгиларини киритиш орқали мазкур масалаларни тартибга солиш мумкин.
Шу боис, лойиҳа 1-иловасидан 74-бандни чиқариб ташлаш лозим.
23.09.2021
12:18