Санкт-Петербург шаҳри Ташқи алоқалар бўйича қўмита раиси Е.Д.Григорьев бошчилигидаги делегация ташрифи
2021 йил 5-7 октябрь кунлари Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан Санкт-Петербург шаҳри Ташқи алоқалар бўйича қўмита раиси Е.Д.Григорьев бошчилигидаги делегация ташрифи уюштирилди.
Ташриф давомида, делегация Самарқанд шаҳридаги (Конигил сайёҳлар қишлоғи) Ҳунармандчилик марказига ташриф буюрди, у ерда чет эл томонига халқ ҳунармандчилигини сақлаш ва хунармандчиликни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, жорий йилнинг 6 октябрида Самарқанд вилояти Ҳокими Э.Турдимов учрашуви ташкил этилди. Учрашув чоғида савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорликни, шунингдек, меҳнат миграцияси, туризм ва маданият соҳасидаги ўзаро алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, минтақавий ҳамкорликнинг бир қатор йўналишлари, хусусан Ўзбекистонлик муҳожирларни келгусида Санкт-Петербургда жойлашган корхоналарда ўз иш фаолиятини олиб боришлари учун имкон яратиш мақсадида уларни касб хунарга ўқитиш, шунингдек Россиялик мутахассисларни жалб килган ҳолда, Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоятидаги мономарказни янада ривожлантириш каби масалалари белгилаб олинди.
Ҳудудлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида жорий йилнинг 6 октябрида Самарқанд вилояти Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармасида Самарқанд ва Санкт -Петербург ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтди, натижада туризм, қурилиш соҳасида, шунингдек қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Россия бозорига экспорт қилиш каби қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Ташриф давомида Россия делегацияси учун ипак гилам ишлаб чиқарувчи корхонага ташриф ташкил этилди. Келгусида гиламлар ва корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Россия Федерациясига экспорт қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ва бой мероси билан танишиш мақсадида, жорий йилнинг 6 октябрь куни Санкт –Петербург делегацияси аъзолари учун Самарқанднинг диққатга сазовор жойларига ташрифлар уюштирилди.
Шунингдек, 8 октябрь куни "International Hotel Tashkent" меҳмонхонасида Санкт-Петербург ва Ўзбекистон Республикаси ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес -форумнинг ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Учрашувдан кўзланган асосий мақсад, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва икки томонлама лойиҳаларни амалга оширишдаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўлди.
Санкт-Петербург томонидан Ташқи алоқалар қўмитаси раиси Е.Д. Григорьев, Санкт-Петербург шаҳар меҳнат ва бандлик қўмитаси раиси Д.С. Чернейко, шунингдек, Санкт-Петербург масъул вазирликлари ва идоралари ва ишбилармон доираларининг бошқа вакиллари иштирок этишди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, молиявий-техник ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий институтларни эркинлаштириш, сармоявий муҳитни яхшилаш, иқтисодиёт ва ишбилармонлик муҳитининг шаффофлигини ошириш ва бошқа ислоҳотлар соҳаларида сезиларли ютуқларга эришилгани қайд этилди.
Мулоқот чоғида томонлар келгусида ўзаро амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб олишди. Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича биргаликдаги ишларни фаоллаштириш тўғрисида келишувга эришилди.
Икки мамлакатнинг минтақавий ва халқаро масалалар бўйича позицияларининг яқинлиги икки томонлама алоқаларни ривожлантириш учун асос бўлиб хизмат қилади. Ўзаро ҳамкорлик салоҳияти жуда катта. Савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар, инновацион ривожланиш, туризм ва бизнес соҳасидаги ташаббусларни илгари суриш механизмларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.
Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилишди ва ўзаро савдонинг ижобий динамикасини қайд этишди.
Тадбир сўнгида, томонлар муҳокама қилинган ҳамкорлик йўналишлари доирасида кейинги амалий ҳаракатларни белгилаб олишди.
11.10.2021
10:33