Ҳурматли тадбиркорлар! Савдо-саноат палатасининг жорий йилнинг 3 чораги мобайнида амалга оширилган ишлари ва эришилган натижалар ҳисоботи шакллантирилди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркорликни ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш каби йўналишларда тизимли ишлар амалга оширилиб, қатор натижаларга эришилиб келинмоқда. Жумладан 2021 йилининг 3 чорагида ҳам Палата ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан бир қатор самарали ишлар амалага оширилди.
Таъкидлаш лозимки Палата томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботлар тегишли вазирлик ва идораларга тақдим этилиб келинмоқда.
Ҳурматли тадбиркорлар! Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркорлик субъектлари манфаатларини хуқуқий ҳимоясини таъминлаш борасида амалга оширилган ишларни эътиборингизга ҳавола қилишни лозим топдик.
Жорий ҳисобот даврида Палата раҳбарияти ўзининг асосий эътиборини тадбиркорлик субъектларини, айниқса ўз фаолиятини йўлга қўйиш даврида уларни қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини яратиш, уларнинг хуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли муҳофазасининг кафолатларини кучайтириш, хусусий мулк ва тадбиркорликнинг устувор роли ва дахлсизлигини таъминлаш борасида самарали тизим яратишга қаратди.
Энг аввало, ишбилармонлик муҳитига таъсир қилувчи асосий фактор бўлган тегишли қонунлар ва меъёрий-хуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича амалий ишлар амалга оширилди:
а) республикамизда қабул қилиниши кўзда тутилаётган норматив-хуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тўғрисидаги хулосани бериш бўйича ваколатли орган сифатида ҳисобот даври давомида қуйидаги ишларни амалга оширди:
- жами 145 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари, шундан қонун ҳужжатлари 31 та, Президент фармон ва қарорлари 37 та, Ҳукумат қарорлари 66 та ва бошқа 11 та меъёрий ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилди;
- 108 та лойиҳалар бўйича тадбиркорлик фаолияти ривожига тўсқинлик қилувчи ёки чекловчи меъёрий-хуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек уларни бекор қилиш зарурияти тўғрисида тавсиялар баён этилган ҳулоса тайёрланди ҳамда қонунчилик ва ижро этиш ҳокимияти органларига тақдим этилди.
- Жумладан,
- (1) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Агросаноат кластерлари ва фермер хўжаликлари ихтиёридаги ғалладан (пахтадан) бўшаган ер майдонларини аҳолига ижарага бериш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори (ID-47611) лойиҳаси юзасидан мазкур лойиҳада ерларни иккиламчи ижарага беришда ортиқча ва кераксиз бўлган мажбурий талаблар белгиланганлиги, унда агросаноат кластерлари ва фермер хўжаликлари ихтиёридаги ерларни, яъни уларга берилган ерларни давлат томонидан иккиламчи ижарага бериш назарда тутилганлиги амалдаги қонунчилик талабларига мутлақо зидлиги боис мазкур лойиҳани ушбу таҳрирда қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги хулоса;
- (2) Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Узумчиликка ихтисослашган маҳаллий ишлаб чиқарувчи кластерларга ва вино махсулотларини ишлаб чиқарувчиларга субсидиялар ажратиш ҳақида”ги Қарори (ID-49265) лойиҳаси юзасидан лойиҳа билан узумчиликка ихтисослашган маҳаллий ишлаб чиқарувчи кластерларга ва вино махсулотларини ишлаб чиқарувчиларга субсидия беришнинг мураккаб, босқичма-босқич ва ҳаддан ташқари бюрократик тартиб-таомили белгиланлиги, таклиф этилаётган тартиб амалда субсидия беришдан кўзланган енгиллик самарасини йўққа чиқариб, мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ишламаслигига сабаб бўлиши, бу каби мураккаб тартиб-таомиллар амалиётда суиистеъмоллик ва коррупция ҳолатларига шароит яратиб, тадбиркорлик субъектларини коррупциявий муносабатларга киришишга ундаши сабабли лойиҳани субсидия бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда электрон амалга ошириш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги хулоса.
Тадбиркорлик субъектлари манфаатларини хуқуқий ҳимоясини таъминлаш
2021 йил 3-чорак бўйича Палата Ижро Қўмитаси ва ҳудудий тузилмалари томонидан Палата аъзолари манфаатида жами 99 485 та ҳолатда умумий суммаси 7,8 млрд сўмдан ортиқ бўлган миқдорда даъво аризалари киритилди.
Шундан, 66 937 та ҳолатда қаноатлантирилган, 177 та ҳолатда қаноатлантириш рад этилган, 526 та ҳолатда даъво аризалар кўрмасдан қолдирилган.
Шу билан бирга, 1 034 та ҳолатда тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келган низолар судгача низони ҳал этиш жараёнида ҳал этилган.
Суд қарорларига нисбатан Палата аъзолари манфаатида 172 та холатда аппеляция ва кассация тартибида судларга шикоятлар киритилган.
Шунингдек, давлат ташкилотларига нисбатан ҳамда улар томонидан қабул қилинаётган қарорлар устидан 56 та ҳолатда судларга даъво аризаси киритилган бўлиб, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинган.
Ҳурматли тадбиркорлар келгуси хабарларимизда Палата томонидан ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилган ишлар ва натижалар билан танишишингиз мумкин.
15.10.2021
16:16