Ўзбекистон тадбиркорлари диққатига!
Юртимизда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар учун янада қулай ишбилармонлик ва жозибадор инвестиция муҳити яратиш, тадбиркорлик фаолиятини қонунийлик, очиқлик ва ошкораликка асосланган коррупцияга қарши тамойилларни, шунингдек, давлат ҳокимияти органлари ҳамда хусусий сектор билан ўзаро муносабатларда коррупцияга чек қўйиш ва олдини олиш тизимини жорий этиш мақсадида, шунингдек қатор ривожланган хорижий давлатларнинг ушбу борадаги илғор тажрибаларини ҳисобга олиб, Ўзбекистон бизнесининг халоллиги ва шаффофлигини таъминлаш учун, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси “Ўзбекистон бизнесининг коррупцияга қарши Хартияси” қабул қилинди.
Хартия қоидаларини амалга ошириш мақсадида Хартияга қўшилиш ва Хартия аъзоларининг Ягона Реестрини юритиш тартиби тўғрисида Низом ишлаб чиқилди ҳамда Палата, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Бизнес-омбудсманнинг қўшма қарори билан тасдиқланди.
Хартияга қўшилиш, биринчи навбатда, тадбиркорлар учун мухим. Хартия аъзоси бўлмиш тадбиркор ўз фаолиятида коррупцияга нисбатан ўз тоқатсизлигини тасдиқлайди, ўз контрагентлари, мижозлари ва ҳамкорлари олдида мутлақ коррупциясиз бизнес юритиши, коррупцион муносабатларга киришишни қатъий рад этишини намоён қилади ва бошқа тадбиркорларни ҳам шунга даъват қилади. Хартиянинг қабул қилиниши бизнес муҳитини янада яхшилаш, мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш учун ҳам мухимдир.
Жорий йилнинг 30 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган “Ўзбекистон бизнес ҳамжамиятида халоллик” халқаро конференциясида мазкур Хартиянинг батафсил тақдимоти ўтказилди.
Бизнеснинг коррупцияга қарши Хартияси – бу ишбилармон доира вакиллари томонидан ўз фаолиятида коррупцион амалиётни чеклашни жорий этишга қаратилган ҳужжат. Хартияга қўшилган тадбиркорлар коррупцияга нисбатан ўз тоқатсизлигини тасдиқлайди.
Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган барча хўжалик юритувчи субъектлар, уларнинг филиаллари, хорижий давлатлардаги ваколатхоналари, ҳуқуқий шакли, тадбиркорлик субъектларнинг тури, ишчилар сони, фаолиятидан қатъий назар, Хартияга қўшилиши мумкин.
Шу ўринда, тадбиркорлик субъектларига молиявий ва бошқа хизмат кўрсатадиган банклар, суғурта компаниялари, лизинг ва бошқа ташкилотлар ҳам Хартияга қўшилиши мумкин. Хартияга қўшилиш тартиби содда, қандайдир тўловлар талаб этилмайди.
Хартиянинг 11-бобида Хартияга қабул қилиш масаласини кўриб чиқиш Савдо-саноат палатасига юклатилган. Ушбу мақсадда Палатада 5 кишидан иборат Махсус комиссия тузилади, комиссияга Палата раисининг биринчи ўринбосари раҳбарлик қилади. Комиссия таркибига Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Бизнес-омбудсмандан бир нафардан ходим ҳамда Палатадан икки нафар ходим киритилади.
Хартияга қўшилиш учун ўрнатилган шаклдаги билдиришнома ва анкета тўлдирилиб, Палатага тақдим этилади. Шунингдек, Хартияга қўшилаётган шахс корхонада коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлари тўғрисида маълумот тақдим этиши лозим (ушбу йўналишга масъул шахс бириктирилганлиги, корхона терговда иштирок этганлиги ҳақида)
Хартияга қўшилиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш якуни бўйича Махсус комиссия томонидан Хартия аъзолигига қабул қилиш ёки Хартия аъзолигига қабул қилишни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
Билдиришномани кўриб чиқиш даврида Махсус комиссия томонидан қўшимча маълумот ва ҳужжатларни тақдим этиш сўраб олиниши мумкин.
Қуйидаги асосларга кўра Хартияга қабул қилиш рад қилиниши мумкин:
- жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётган бўлса;
- жиноят иши судда кўрилаётган бўлса;
- оҳирги 3 йил ичида қонуний кучга кирган хукми мавжуд бўлганида.
Хартия аъзолигига қўшилиш тўғрисидаги билдиришнома ижобий хал этилганида, Хартия аъзолигига қабул қилинган хўжалик юритувчи субъектга ўрнатилган шаклдаги сертификат берилади. Ушбу сертификат номуайян муддатга берилади ва Савдо-саноат палатасининг электрон базасига жойлаштирилади. Хартия аъзосининг талабига кўра, Сертификат ўзбек тили, рус тили ва инглиз тилида берилиши мумкин.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Хартияга аъзолик Сертификати тадбиркорнинг обрў-эътиборини оширади, унинг ўзига хос тимсоли бўлиб хизмат қилади. Хорижий давлатларда ҳам худди шундай амалиёт бор – хусусан банкда кредит ажратилишида. суғурта, лизинг ташкилотлари тадбиркорнинг коррупцияга нисбатан муносабатига алоҳида эътибор беради.
Хартия аъзоларининг ягона Реестри – бу очиқ маълумот бўлади, ҳозирги кунда портал яратилмоқда. Барча корхоналар ва ташкилотлар Реестрдан фойдаланиши мумкин.
Хартия аъзоси қуйидаги асосларга кўра Реестрдан чиқарилиши мумкин:
Хартия аъзоси томонидан Хартия қоидаларининг бажарилишини назорат қилиш бўйича Махсус комиссия хулосасига асосан;
Хартия аъзосига нисбатан коррупцияга қарши курашиш доирасида қўзғатилган жиноят иши бўйича оҳирги уч йилда қонуний кучга кирган суд хукми мавжуд бўлганида;
Хартия аъзоси банкрот деб топилганида ёки фаолияти тугатилганда;
Хартия аъзосининг аризасига кўра.
Ўзбекистон бизнесининг коррупцияга қарши Хартиясига қўшилиш истагида бўлган тадбиркорлар Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига 78 150-60-06 рақамли ишонч телефони ёки info@chamber.uz веб-сайти орқали мурожаат қилишлари мумкин.
07.12.2021
15:49