Божхона кодексини қўллаш амалиёти
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Божхона кодексини амалиётда қўллашнинг айрим масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ва “Тошкент-аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда прокуратура, адлия, Савдо-саноат палатаси ходимлари, божхона брокерлари, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари қатнашди.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Т.Ражапов ва бошқалар мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлашда соҳага оид қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади.
Янги таҳрирдаги Божхона кодекси соҳага оид қонуности ҳужжатларининг сонини қисқартириш, ушбу йўналишдаги қонунчилик нормалари сифатини ошириш, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмларини яратишда муҳим омил бўлди. Кодекс бир-бирига зид бўлган нормаларни бартараф қилиш, уларни янада аниқ ва тушунарли ифодалашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Киритилган ўзгартишлар ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун экспорт-импорт билан боғлиқ жараёнларни янада осонлаштирди. Ички бозорни сифатсиз ва контрабанда маҳсулотлардан ҳимоя қилиш, хўжалик юритувчи субъектлар, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари, жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорларнинг жаҳон бозорларига чиқиши учун қўшимча қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратди.
Янги таҳрирдаги Божхона кодекси қабул қилиниши муносабати билан божхона соҳасига оид 1,3 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат инвентаризациядан ўтказилиб, қайта ўрганиб чиқилди. Натижада йигирмадан ортиқ ҳужжатга тегишли ўзгартишлар киритилди, баъзилари эса ўз кучини йўқотди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтган, божхона соҳасини тартибга солувчи 75 идоравий ва идоралараро норматив-ҳуқуқий ҳужжатга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарурлиги аниқланди. Шулардан 34 ҳужжат устидаги ишлар тўлиқ якунига етказилди.
Янги таҳрирдаги Божхона кодексини кенг тарғиб қилиш мақсадида Давлат божхона қўмитаси томонидан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан ўзаро ҳамкорлик бўйича қўшма дастурлар имзоланди. Уларга мувофиқ амалга оширилган ишлар натижасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситаларида мунтазам чиқишлар ташкил қилинмоқда.
Давра суҳбатида божхона органларида коррупцияга қарши курашиш ва унинг профилактикасига фаол кўмаклашиш борасида қилинаётган ишлар юзасидан ҳам фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Манба: uza.uz
15.09.2016
16:13