Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 238 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Кичик саноат зоналари ҳамда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ҳудудида ер муносабатларини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори (ID-59141) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1. Лойиҳа иловалари тегишли бандларига кўра, кичик саноат зоналари (кейинги ўринларда КСЗ) ҳамда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ҳудудидаги ерларни фақат юридик шахсларга реализация қилиниши белгиланган.
Бироқ, бу лойиҳа ижрочиси томонидан асослантирилмаган.
Ваҳолангки, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 мартдаги 134-сон қарори билан тасдиқланган “Кичик саноат зоналари тўғрисида”ги Низомда “КСЗ иштирокчиси — Маъмурий кенгашнинг қарори асосида КСЗ иштирокчиси мақомини олган ва КСЗ ҳудудида ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъекти”, деб келтирилган.
“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун 4-моддасига кўра эса, тадбиркорлик фаолияти субъектлари (тадбиркорлик субъектлари) белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслардир.
Шу боис ҳамда талбиркорлик соҳасидаги барча тадбиркорлик субъектларига тенг шарт-шароит ва имкониятлар яратиш мақсадида лойиҳа барча иловаларида ерларни нафақат юридик шахсларга, балки тадбиркорлик субъекти бўлган жисмоний шахсларга ҳам реализация қилинишини назарда тутиш лозим.
2. Лойиҳа 1-иловаси 8-банди тўртинчи ва бешинчи хатбошиларига кўра:
“Ер участкасини хусусийлаштириш тўғрисидаги аризага қуйидагиларнинг сканер қилинган нусхаси илова қилиниши керак:
....
кичик саноат зоналари ҳудудидаги ер участкалари хусусийлаштирилаётганда – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри Махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашининг баённома шаклида расмийлаштирилган хусусийлаштириш тўғрисидаги қарори;
ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ҳудудидаги ер участкалари хусусийлаштирилаётганда – Қорақалпоғистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаларининг лойиҳа фойдаланишга топширилганлиги тўғрисидаги ёзма хулосалари”.
Лойиҳага тушунтириш хатида келтирилишича, ушбу ҳужжатлар аввал белгиланган ижтимоий ва инвестиция мажбуриятлари бажарилганлигини аниқлаштириш мақсадида талаб қилиниши назарда тутилган.
Аммо, бундай талабларнинг қўйилиши биринчи навбатда, бюрократик тўсиқ ва коррупция ҳолатларига шароит яратиб берадиган ҳолат сифатида баҳоланиши лозим.
Қайд этиш лозимки, инвестиция мажбуриятлари бажарилганлигини бошқа ҳужжатлар, мисол учун, топшириш-қабул қилиш далолатномаси орқали ҳам аниқлаштириш мумкин.
Бундан ташқари, лойиҳа 3-иловаси билан тасдиқланаётган янги таҳрирдаги “Кичик саноат зоналари тўғрисида”ги Низомдан “инвестиция мажбуриятлари” чиқариб ташланмоқда ва КСЗларидаги ерларни реализация қилишда инвестиция мажбуриятлари юкланмаслиги назарда тутилмоқда.
Кўринадики, бунда КСЗларининг аввалги ва кейинги иштирокчилари ўртасида нотенглик юзага келган. Яъни, аввалдан фаолиятни амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларига ерларни ҳусусийлаштириб беришда инвестиция мажбуриятлари бажарилганлиги ва буни Маъмурий кенгаш қарори билан тасдиқлаш талаби белгиланмоқда. Кейинги реализация қилинадиган ерлар учун эса бундай талаблар назарда тутилмаган.
Шу боис, лойиҳа 1-иловаси 8-бандидан тўртинчи ва бешинчи хатбошиларни чиқариб ташлаш зарур.
3. Лойиҳа 1-иловаси 13-банди иккинчи хатбошига кўра, “Кўрсатилган ер участкаси жойлашган кичик саноат зонаси ёки ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ҳудудининг тасдиқланган бош режаси мавжуд эмаслиги ёки бош режасида ер участкаларини хусусийлаштиришга бевосита монелик қиладиган маълумотларнинг мавжудлиги туман (шаҳар) қурилиш бўлими томонидан ер участкаларини хусусийлаштиришни рад этиш учун асос ҳисобланади”, - деб белгиланган.
Кўриниб турганидек, бунда ўта мавҳум ҳолатлар ер участкаларини хусусийлаштиришни рад этиш учун асос ҳисобланиши назарда тутилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, лойиҳа 1-иловасида тадбиркорлик субъектларига доимий фойдаланиш (эгалик қилиш) ёки ижара ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини (яъни, амалда ишлаб турган ва мавжуд бўлган объектларни) хусусийлаштириш белгиланган.
Юқорида келтирилган “Кичик саноат зоналари тўғрисида”ги Низомнинг 7-бандига кўра эса, КСЗ ҳудудида шаҳарсозлик фаолияти КСЗнинг бош режасига мувофиқ амалга оширилади.
Яъни, КСЗ ҳудудида шаҳарсозлик фаолияти унинг бош режаси тасдиқлангандан кейин амалга оширилади.
Бунда, ушбу ҳолатда КСЗнинг бош режаси мавжуд эмаслиги сабабли ер участкаларини ҳусусийлаштириш рад этилади, деб белгилаш мантиқсиздек кўринади.
Бундан ташқари, юқоридаги нормада келтирилган “КСЗнинг бош режасида ер участкаларини хусусийлаштиришга бевосита монелик қиладиган маълумотларнинг мавжудлиги” тушунчаси ҳам мутлақо ноаниқ.
Яъни, ушбу тушунчанинг белгиланиши орқали амалиётда исталган маълумотни ер участкаларини хусусийлаштиришга бевосита монелик қиладиган маълумот деб топиш мумкин.
Бу эса, ўз-ўзидан соҳада коррупция ва суиистеъмоллик ҳолатларига олиб келиши аниқ.
Шу сабабли, юқоридаги нормани қайта кўриб чиқиш, ундан “тасдиқланган бош режаси мавжуд эмаслиги ёки” сўзларини чиқариб ташлаш, “ер участкаларини хусусийлаштиришга бевосита монелик қиладиган маълумотларнинг” қатъий рўйхатини келтириш лозим.
4. Умуман олганда, лойиҳа 1- ва 2-иловаларида ер участкаларини хусусийлаштириш ва уларни реализация қилишни рад этиш асослари аниқ белгиланмаган, яъни рад этишга сабаб бўладиган ҳолатлар қатъий келтирилмаган.
Бу эса, амалиётда асоссиз ҳолатларни важ қилиб ер участкаларини хусусийлаштириш ва уларни реализация қилишни рад этишга сабаб бўлиши мумкин.
Шу боис, лойиҳа 1- ва 2-иловаларида ер участкаларини хусусийлаштириш ва уларни реализация қилишни рад этишнинг аниқ асосларини белгилаш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
5. Лойиҳа 1-иловаси 18-бандида “Ариза берувчи тўлов юзасидан хабарномани олган кундан бошлаб ўн иш куни ичида ер участкасини хусусийлаштириш учун тўловни амалга ошириши зарур”, - деб белгиланган.
Яъни, бунда ўн иш куни ичида ер участкасини хусусийлаштириш учун тўловни амалга ошириши назарда тутилган.
Кейинги нормаларда эса, ариза берувчи хусусийлаштирилаётган ер участкасини сотиб олиш қийматини тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширмаган тақдирда, хусусийлаштириш рад этилиши келтирилган.
Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 8 апрелдаги “Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида”ги ПФ-101-сонли Фармони 2-бандига кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини мулк ҳуқуқи асосида аукцион орқали сотишда давлат активларини сотишда қўлланиладиган уч йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш тартиби тадбиқ этилиши белгиланди.
Шу боис, лойиҳа иловаларида мазкур тартибни ҳисобга олган ҳолда, ер участкасини хусусийлаштириш учун тўловни уч йилгача бўлиб-бўлиб тўлашни назарда тутиш лозим.
6. Лойиҳа 2-иловаси 1-бандига кўра, “Ушбу Низом кичик саноат зоналари ҳамда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини мулк ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион савдолари орқали реализация қилиш тартибини белгилайди”, - деб белгиланган.
Яъни, бунда ер участкаларини фақат мулк ҳуқуқи асосида реализация қилиш назарда тутилмоқда.
Бироқ, лойиҳани ишлаб чиқиш учун асос бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги ПФ-6243-сон Фармонида ер участкалари хусусий секторга — мулк ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион савдолари орқали реализация қилиниши белгиланган.
Шу боис, лойиҳа иловаларида ер участкаларини ижара ҳуқуқи асосида ҳам реализация қилиш мумкинлигини назарда тутиш тавсия этилади.
7. Лойиҳа 2-иловаси 3-банди саккизинчи хатбошига кўра, “лойиҳа-қидирув ташкилоти – “ЎзГАШКЛИТИ” МЧЖ ёки тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан қонунда белгиланган тартибда жалб қилинадиган бошқа лойиҳа-қидирув ташкилоти”, - деб белгиланган.
Бунда, “ЎзГАШКЛИТИ” МЧЖнинг алоҳида кўрсатилиши ушбу МЧЖ учун тўғридан-тўғри устунликни яратади.
Ваҳолангки, “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 12-моддаси билан айрим хўжалик юритувчи субъектларга уларни товар ёки молия бозорида фаолият кўрсатаётган бошқа хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан афзал ҳолатга қўядиган имтиёзлар, преференциялар ва енгилликларни асоссиз равишда бериши таъқиқланган.
Таъкидлаш лозимки, алоҳида хўжалик юритувчи субъектларга бу шаклдаги эксклюзив ҳуқуқларни бериш амалда коррупция ва суиистеъмоллик ҳолатларига шароит яратиб, рақобат муҳитининг кескин ёмонлашишига сабаб бўлади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 8 апрелдаги “Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида”ги ПФ-101-сонли Фармонида чекланган субъектларга тадбиқ этилаётган эксклюзив имтиёз ва преференцияларнинг бекор қилиниши назарда тутилган.
Шу билан бирга, ушбу тартиб-таомил давлат харидлари ҳисобланиб, давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талаблари асосида амалга оширилиши лозим.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, юқоридаги банддан “ЎзГАШКЛИТИ” МЧЖни чиқариб ташлаш ҳамда лойиҳа-қидирув ташкилотини давлат харидлари тартиб-таомиллари асосида танлаб олинишини назарда тутиш лозим.
8. Лойиҳа 3-иловаси билан юқорида келтирилган “Кичик саноат зоналари тўғрисида”ги Низомни янги таҳрирда тасдиқлаш назарда тутилган.
Бироқ, унда мазмунан ўзаро қарама-қарши бўлган нормалар келтирилган.
Хусусан, янги таҳрирдаги Низомда “инвестиция мажбуриятлари” ва у билан боғлиқ нормалар чиқариб ташланган.
Бу эса, ўз-ўзидан КСЗ иштирокчисининг ер участкаларини сотиб олганда ҳеч бир мажбурият олмаслигини англатади.
Кейинги нормаларда эса, қуйидагилар белгиланган:
11-бандда: КСЗ иштирокчилари томонидан инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши бўйича мониторинг олиб бориш дирекциянинг асосий вазифаларидан бири эканлиги;
17-бандда: КСЗ иштирокчиси Дирекцияга КСЗ ҳудудида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаси тўғрисида маълумотлар (юридик шахс таъсисчилари ҳақидаги маълумотлар, инвестиция лойиҳасини ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш санасини кўрсатган ҳолда амалга ошириш жадвали, яратиладиган янги иш ўринлари сони, ишлаб чиқариш режалаштирилаёган маҳсулотнинг номи, хусусиятлари ва ҳажмлари (қуввати), инвестицияларнинг режалаштирилаётган миқдорлари, тури ва киритиш муддатлари, молиялаштириш манбалари) ни тақдим этишга мажбурлиги;
20-бандда: ишлаб чиқариш фаолиятининг бошланиши кечикишига объектив сабаблар мавжуд бўлганда, Маъмурий кенгашнинг қарори асосида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш муддатини узайтириш КСЗ иштирокчилари ҳуқуқларидан бири эканлиги;
21-бандда: КСЗ иштирокчилари Маъмурий кенгашнинг талабларига риоя этишга мажбурлиги ҳамда КСЗ иштирокчилари тармоқ жадвалига мувофиқ инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши тўғрисида ҳар ой белгиланган тартибда дирекцияга ахборот тақдим этиши лозимлиги.
Кўриниб турганидек, КСЗ иштирокчиси мулк ҳуқуқи асосида ўзи сотиб олган мол-мулкка ўз хоҳишига кўра эгалик қилиши мазкур нормалар орқали чекланмоқда.
Аммо, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида” Қонуннинг 4-моддасига кўра, мулкдор ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳишига кўра ҳамда ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мулкдор ўз мол-мулкига нисбатан қонунга зид бўлмаган ҳар қандай ҳаракатларни бажаришга ҳақли. У ўз мол-мулкидан хўжалик фаолиятини ва қонунда тақиқланмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш учун фойдаланиши, уни бошқа шахсларга эгалик қилиш ва (ёки) фойдаланиш учун текинга ёхуд ҳақ эвазига бериши мумкин.
Мазкур Қонуннинг 24-моддасига кўра эса, давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнида вужудга келган хусусий мулк дахлсиздир.
Кўриниб турганидек, юқоридаги нормалар ўзаро номувофиқ бўлиши билан бирга, амалдаги қонунчилик талабларига ҳам тўғри келмайди.
Шу боис, лойиҳа 3-иловасини мазмунан қайта кўриб чиқиш зарур.
11.04.2022
17:14