Ўзбекистон-Татаристон ишбилармон доиралари ўртасида B2B музокаралар
2022-йилнинг 12 апрель куни “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида Ўзбекистон-Татаристон ишбилармон доиралари ўртасида B2B форматидаги музокаралар бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон ишбилармон доираларининг 100 дан ортиқ вакиллари ва Татар Республикасининг 50 га яқин ишбилармонлари иштирок этди. Унда Ўзбекистон томонидан ҳам қатор саноат бирлашмалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, Татаристон Республикаси делегацияси таркибида Татаристоннинг етакчи корхоналари тадбиркорлари бор эди, асосий эътибор Ўзбекистон корхоналари билан узоқ муддатли ва самарали ҳамкорлик қилишга қаратилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад икки томонлама савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш, шунингдек, тадбиркорларга қўшимча имкониятлар яратишда икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.
Томонлар татар ва ўзбек тадбиркорлари ва инвесторларини амалий ҳамкорликка жалб этиш учун энг қулай шарт-шароитларни яратиш, яъни истиқболли тармоқларда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, ўзаро ҳамкорлик ҳажмини ошириш мақсадида икки мамлакат ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш тарафдори эканини таъкидладилар.
Тадбирда Давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан мамлакатимиз иқтисодиётида хусусий секторнинг ролини оширишга катта эътибор қаратилаётгани, шу муносабат билан инвестицияларни ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар фаол ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилаётгани бир неча бор таъкидланди. Шунингдек ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик субектларига солиқ юкини камайтириш, хусусий мулк ва хорижий капитални ҳуқуқий ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш, шунингдек, мамлакатимизнинг ҳар бир вилоятининг туман ва шаҳарлари контекстида янги фойдаланилмаган иқтисодий захираларни аниқлаш, уларнинг даромадлилигини таъминлаш масалалари ҳам қайд этилди.
Икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида бизнес шериклик алоқаларини ўрнатишнинг устувор йўналишлари санаб ўтилди. Улар орасидан тўқимачилик ва электротехника саноати, фармацевтика, биомедицина ҳамда IT ва бошқа соҳалар ўрин олди.
Тегишли тармоқ бирлашмалари раҳбарлари тақдимот тарзида ҳар бир тармоқнинг инвестицион, саноат ва савдо салоҳиятини атрофлича очиб бердилар, шунингдек, хорижий инвестициялар жалб этилишини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришнинг мавжуд механизмлари ҳамда хорижий капитал иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш ҳақида сўз юритдилар.
Шунингдек, тадбир иштирокчиларига мақсадли йўналишда ишлаб чиқилган истиқболли лойиҳа таклифлари манфаатдор татар инвесторлари ва тадбиркорлари билан янада чуқурроқ ўрганиш мақсадида тақдим этилди. Мазкур соҳалар таркибига озиқ-овқат, нефт-газ, фармацевтика, таълим, муҳандислик, ишлаб чиқариш каби йўналишлар киритилди.
Таъкидлаш жоизки, амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилган сармоявий муҳит ва кичик бизнес учун яратилган имкониятлар Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантириш учун улкан салоҳият яратмоқда.
Тадбир давомида B2B форматидаги учрашувлар ҳам бўлиб ўтди, унда тадбиркорлар ҳамкорларга ўз маҳсулот ва хизматларини намойиш этиб, экспорт салоҳияти ва ҳамкорликнинг устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашдилар.
12.04.2022
16:36