Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 247 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни ташкил этиш тизимини ислоҳ қилиш ва аҳоли ҳудудларида тозаликни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони (ID-57632) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1. Лойиҳа 1-банди тўртинчи хатбошисига кўра:
“Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (кейинги ўринларда – Давлат экология қўмитаси), Экологик партияси ва Энергетика вазирлигининг санитар тозалаш хизматлари учун тўловлар тизимини рақамлаштириш орқали уларни ўз вақтида амалга оширишда қулайликлар яратиш мақсадида:
....
2022 йил 1 июлдан бошлаб, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва ташиш хизматлари учун тўловлар бўйича қарздорлиги бартараф этилмаган жисмоний шахсларга электр энергияси етказишни марказлаштирилган биллинг тизимлари орқали қарздорлик бартараф этилгунга қадар тўхтатиб туриш амалиётини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин”.
Яъни бунда, бир хуқуқий муносабатларнинг натижаси бошқа унга боғлиқ бўлмаган хуқуқий муносабатларга бевосита таъсир қилиши белгиланмоқда.
Бундан ташқари, ушбу таклиф амалдаги тартибни қийинлаштиришга олиб келишини инобатга олган холда, унинг самарадорлиги тахлил қилинганлиги тўғрисида маълумотлар келтирилмаган.
Таъкидлаш жоизки, тадбиркорлик субъекти учун электр энергияси коммунал хизматларнинг энг муҳим тури хисобланади.
Бунда, тадбиркорлик субъектини электр истеъмол қилишга тааллуқли бўлмаган муносабатлар учун электр таъминотидан узиш, тадбиркорлик субъекти фаолиятини асоссиз тўхташига олиб келиши ҳамда молиявий холатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Шу билан бирга, таъкидлаш жоизки, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва ташиш хизматлари учун тўловларни ундириш масалалари амалдаги қонунчиликда етарлича тартибга солинган.
Хусусан, ушбу соҳадаги ваколатли органлар истеъмолчилардан қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва ташиш хизматлари учун тўловларни ундириш бўйича судга мурожаат қилиши мумкин.
Юқоридагиларни инобатга олиб, лойиҳа 1-банди тўртинчи хатбошисини чиқариб ташлаш лозим.
2. Лойиҳа 2-банди “а” кичик бандига кўра:
“Аҳоли учун мўлжалланган чиқинди тўплаш шохобчалари ва контейнерлардан самарасиз фойдаланилишини ҳамда атроф-муҳит ва табиат ифлосланишини олдини олиш, тадбиркорларга кўрсатилаётган санитар тозалаш хизматлари кўлами ва сифатини ошириш мақсадида 2022 йил 1 июлдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
а) санитар тозалаш корхоналари ҳамда қаттиқ маиший чиқиндилар пайдо бўлишига олиб келадиган фаолият билан шуғулланувчи юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар ўртасида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича шартномалар мажбурий тартибда тузилади;
....
Фуқаролик кодексининг 354-моддасига кўра:
“Фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар.
Шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмайди, шартнома тузиш бурчи ушбу Кодексда, бошқа қонунда ёки олинган мажбуриятда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно”.
Бунда, шартномаларни мажбурий тартибда тузишга фақат Фуқаролик кодекси ёки бошқа қонунларда белгиланган ҳолларда йўл қўйилади.
Яъни, қонуности ҳужжатлар билан бундай нормаларнинг белгиланиши Фуқаролик кодекси талабларига зид келади.
Шу боис, лойиҳа 2-банди “а” кичик банди чиқариб ташлаш лозим.
3. Лойиҳа 4-банди тўртинчи хатбошисига кўра:
“Белгилаб қўйилсинки:
.....
2024 йил 1 январдан бошлаб атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифаларига мансуб фаолият турлари билан шуғулланувчи корхоналарда мажбурий тартибда “эколог” штати мавжуд бўлиши лозим”.
Бу билан, тадбиркорлик субъектларига нисбатан кўшимча маъмурий юк ортирилмоқда.
Бироқ, лойиҳа муаллифи томонидан мазкур талаб етарлича асослантирилмаган.
Хусусан, бундай ўзгартиришларга зарурият ҳамда амалдаги тартиб натижасида вужудга келаётган муаммолар таҳлили, шунингдек хорижий тажриба келтирилмаган.
Бунда, бу каби ўзгартиришларни чуқур таҳлил қилмасдан амалга ошириш амалиётда кутилган натижаларни бермасдан аксинча салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Шу сабабли, лойиҳа 4-банди тўртинчи хатбошисини юқоридаги масалаларни чуқур таҳлил қилган ҳолда ҳамда хорижий давлатлар ижобий тажрибасидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.
4. Лойиҳа 16-банди биринчи хатбошисига кўра, “Белгилансинки, профилактика инспекторлари томонидан улар хизмат ўтайдиган маҳаллаларда маъмурий жавобгарликка тортиш чораларини кўриш натижасида жарима сифатида ундирилган маблағларнинг ўттиз фоизи миқдордаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади”.
Бироқ, ушбу тартиб жорий қилиниши инспекторлар томонидан пул мукофоти олиш мақсадида истеъмолчиларни асоссиз маъмурий жавобгарликка тортиш ҳолатларига шароит яратиб бериши мумкин.
Бунда, маъмурий хуқуқбузарликларни статистикаси ошиб кетишига, аммо ушбу хуқуқбузарликларни олдини олишга олиб келмайди.
Шу боис, лойиҳа 16-банди биринчи хатбошисини чиқариб ташлаш лозим.
14.04.2022
09:25