Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 259 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни (ID-59187) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1. Лойиҳа 1-моддаси 3-бандига кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (кейинги ўринларда – Кодекс)ни қуйидаги мазмундаги 1253-модда билан тўлдириш белгиланган:
1253-Транспорт воситаларида йўловчиларни, багажни, юк багажини ва юкларни ташишқоидаларини бузиш
Юк ташиш ҳуқуқини берувчи лицензия талаб ва шартларини бузиш,–
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади.
Йўловчи ташиш ҳуқуқини берувчи лицензия талаб ва шартларини, шунингдек, мунтазам йўналишларда йўловчи ташиш тендер шартномаси талабларини бузиш,–
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида, юридик шахсларга эса базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади”.
Кўриниб турганидек, мазкур модда номланишига кўра, “Транспорт воситаларида йўловчиларни, багажни, юк багажини ва юкларни ташишқоидаларини бузиш” деб номланган бўлсада, бироқ унинг диспозициясида лицензия талаб ва шартларини бузиш ҳуқуқбузарлик деб топилиб, жавобгарлик белгиланмоқда.
Аввало, қайд этиш жоизки, Кодексда бошқа бирор бир турдаги фаолият учун лицензия талаб ва шартларини бузиш бўйича маъмурий жавобгарлик назарда тутилмаган.
Қолаверса, Кодекснинг бошқа тегишли (125, 1251, 135, 1461, 1763, 1764- ва бошқа) моддаларида юк ташиш қоидаларини ва йўловчи ташиш қоидаларини бузиш учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган.
Кўринадики, бунда айнан бир ҳуқуқбузарлик учун икки карра жавобгарлик назарда тутилмоқда.
Шунингдек, лойиҳага тушунтириш хатида келтирилишича, келтирилган қоида бузилиши ҳолатлари аниқланганда автомобиль лицензиясининг амал қилиш муддатини сақлаб қолган ҳолда, ташувчи ёки ҳайдовчига маъмурий чора кўрилиш орқали бу соҳани тартибга солиш таклиф этилмоқда.
Бироқ, лойиҳада мазкур тартибни (қоида бузилиши ҳолатлари аниқланганда автомобиль лицензиясининг амал қилиш муддатини сақлаб қолиш билан боғлиқ нормалар) назарда тутувчи нормаларни амалдаги қонунчиликка киритиш назарда тутилмаган.
Бу эса, ўз-ўзидан жавобгарликнинг учинчи турини, яъни лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш ёки тугатишни ҳам назарда тутади.
Будан ташқари, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонунга кўра, лицензиялаш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун юридик шахсларга жарималар қўлланилиши ҳам белгиланган.
Ушбулардан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, бир ҳуқуқбузарлик учун тўрт карра жавобгарлик қўлланилиши мумкин бўлмоқда.
Қайд этиш жоизки, лойиҳа ижрочиси томонидан мазкур нормани киритишда амалдаги қонунчилик ҳолати тўлиқ таҳлил қилинмаган. Бундан келиб чиқувчи ҳуқуқий оқибатлар ўрганилмаган.
Лойиҳа муаллифи томонидан ушбу масала бўйича келтирилган халқаро тажрибада ҳам маъмурий жавобгарлик йўловчи ва юк ташиш қоидаларини бузиш ҳолатлари учун қўлланилади. Яъни, лицензия талаб ва шартларини бузиш ҳолатлари учун эмас.
Кодекснинг амалдаги таҳририда эса, йўловчи ва юк ташиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик чоралари мавжуд.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Кодексга мазкур нормани киритиш мақсадга мувофиқ эмас.
2.Лойиҳа 1-моддаси 10-бандига кўра, Кодекснинг 252-моддаси биринчи қисмини қуйидаги таҳрирда баён этиш белгиланган:
“Сув транспорти органларига ушбу Кодекснинг 53, 121, 122-моддаларида, 123-моддасининг иккинчи қисмида, 124, 145-моддаларида, 146-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида (сув транспортидаги ҳуқуқбузарлик учун), 118, 120-моддаларида, 142-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар тааллуқлидир”.
Бироқ, Кодекснинг амалдаги таҳрири 123-моддаси бир қисмдан ташкил топган. Лойиҳада унга иккинчи қисмнинг киритилиши билан боғлиқ норма келтирилмаган.
Бу эса, амалиётда турли ноаниқликларни келтириб чиқариши мумкин.
Шу боис, мазкур масалани аниқлаштириш, шундан келиб чиқиб лойиҳа матнига тузатишлар киритиш зарур.
3.Лойиҳа 1-моддаси 11-бандига кўра, Кодекснинг 2541-моддасига қўшимчалар киритиш белгиланган.
Бунда, Кодекснинг бир қатор нормаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларнинг Транспорт вазирлиги органлари томонидан кўриб чиқилиши назарда тутилган.
Амалдаги таҳрирга кўра эса, бундай тоифадаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишлар судлар томонидан кўриб чиқилади.
Бироқ, шуни эътиборга олиш лозимки, таклиф этилаётган тартиб амалиётда салбий ҳолатларни келтириб чиқариши, тадбиркорлик субъектларининг эътирозларига сабаб бўлиши мумкин.
Зеро, маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги ишларнинг судлар томонидан кўрилиши тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари кафолатларини таъминлайди. Ишлар судларда кўрилаётганда иш юритиш тарафларнинг ўзаро тортишуви асосида амалга оширилади.
Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларнинг Транспорт вазирлиги органлари томонидан кўриб чиқилиши эса, масаланинг бир томонлама ҳал қилинишига, натижада тадбиркорлик субъектларининг манфаатларига зарар етказилишига олиб келиши мумкин.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Кодекснинг 2541-моддасини амалдаги таҳрирда қолдириш лозим.
4.Лойиҳа 5-моддасига кўра, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонун 1-иловасининг 17-позициясига қўшимчалар киритиш орқали, Автомобиль транспортида юкларни шаҳар ва шаҳар атрофида ташиш ва Автомобиль транспортида юкларни шаҳарлараро йўналишлар бўйича ташиш фаолият турларини лицензиялашни қайта жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Лойиҳа муаллифи томонидан ушбу фаолият турларни лицензиялаш заруриятининг асоси қилиб содир этилаётган йўл транспорт ҳодисалари келтирилган. Бунда, ушбу ходисаларадан 10,9 фоизи юк автомибиллари иштирокида содир этилганлиги қайд этилган.
Бироқ, таъкидлаш лозимки, лойиҳа билан таклиф қилинаётган фаолиятларни лицензиялаш йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олишга хизмат қилмайди.
Шу билан бирга, амалдаги қонунчиликда юк ташувчи транспорт воситаларига ва хайдовчиларга нисбатан алоҳида талаблар мавжуд. Қолаверса, ушбу траспорт воситаларининг ҳайдовчилари махсус ҳайдовчилик категориясини олишлари талаб этилади.
Бундан ташқари, йўл ҳаракати қоидалари барча транспорт воситаларига уларнинг туридан қатъий назар, бир хил тадбиқ этилади.
Ушбу қоидалар бузилиши натижасида содир бўлаётган йўл транспорт ҳодисалари автомобилларнинг айнан юк ташиш траспорти эканлиги учун эмас, балки йўл ҳаракати қоидалари ҳайдовчилар томонидан амал қилмаганлиги натижасидандир.
Шу боис, бундай қоидабузарликка қарши курашиш учун бекор қилинган лицензия турларини қайта тиклаш шарт эмас.
Қолаверса, таҳкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 августдаги ПФ-6044-сон Фармони билан юқорида келтирилган лицензиялар тури бекор қилинган. Ушбу Фармонни ишлаб чиқиш жараёнида мазкур масалалар экспертлар томонидан чуқур таҳлил ва муҳокама қилинган.
Бунда, Фармон билан бекор қилинган лицензия турларини қайта жорий қилиниши лицензия сохасини соддалаштириш ва енгилаштириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни йўққа чиқаришга ва бир қадам орқага қадам ташлашга олиб келади.
Шу боис, лойиҳадан янги лицензия турларини жорий қилишни назарда тутувчи моддаларни чиқариб ташлаш лозим.
Қонунчилик ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш бошқармаси
20.04.2022
15:14