Европага текстиль маҳсулотлари экспортини кенгайтириш масалалари муҳокама этилди
Жорий йилнинг 20 апрель куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Польшанинг йирик текстиль компанияларидан бири “LPP S.A” компанияси билан онлайн видеомулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда Савдо-саноат палатаси масъул ходим Ғ.Усмонов республикамизнинг текстиль салоҳияти, ушбу йўналишдаги сўнгги ўзгаришлар ва истиқболдаги режалар тўғрисида маълумот бериб ўтди.
Шунингдек, “LPP S.A” Польша компаниясининг глобал таъминот занжирига Ўзбекистондан тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни жалб этиш масаласида ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласи алоҳида муҳокама этилди.
Польша томони республикамизнинг текстиль салоҳиятини юқори баҳолаб, тўқимачилик йўналишида республикамиз тадбиркорлик субъектлари билан кенг ҳамкорликни йўлга қўйишни муҳокама қилишга тайёрлигини маълум қилди.
Шу билан бирга Палата томонидан жорий йил май ойида Польша компанияси ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси масъуллари ўртасида онлайн видеомулоқот ташкил этиш таклиф этилди.
Учрашув якунида ўзаро ҳамкорликнинг келгусидаги режалари келишиб олинди.
20.04.2022
17:47