Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 293 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг “Фармацевтика маҳсулотларини сертификатлаштириш тизимини ташкил этиш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги Буйруғи (ID-59974) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 январдаги ПФ-55-сон Фармони (кейинги ўринларда Фармон) ижросини таъминлаш мақсадида, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат шаклида ишлаб чиқилган.
Қолаверса, ушбу Фармон ижроси доирасида Соғлиқни сақлаш вазирининг “Фармацевтика маҳсулотларини сертификатлаштириш Қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Буйруғи лойиҳаси (ID-59972) ҳам ишлаб чиқилган.
Аввало, мазкур Фармонда “Фармацевтика маҳсулотларини сертификатлаштириш тизими”ни яратиш ҳамда “Фармацевтика соҳасида мувофиқликни баҳолаш қоидаларини тасдиқлаш бўйича ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиши назарда тутилган.
Шу сабабли ҳамда ушбу лойиҳаларда келтирилган масалалар битта соҳа доирасида эканлигини инобатга олган ҳолда, мазкур низомларни ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тасдиқлаш мақсадга мувофиқ.
2. Лойиҳа иловасида фармацевтика маҳсулотларини сертификатлаштиришда аккредитациядан ўтган сертификатлаштириш органлари ваколатли орган томонидан авторизациялаштирилиши лозимлиги белгиланган.
Бу билан янги турдаги рухсат бериш тартиб-таомилини жорий этиш назарда тутилган.
Бироқ, уни жорий этиш зарурати лойиҳа ижрочиси томонидан асослантирилмаган, шунингдек бунга сабаб бўлган ҳолатлар келтирилмаган.
Ваҳолангки, “Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасига кўра, “Маҳсулотларни сертификатлаштиришга аккредитация қилинган органлар ва синов лабораториялари (марказлари) қонунчиликда белгиланган тартибда берилган аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома асосида сертификатлаштириш фаолиятини ҳамда сертификатлаштириш мақсадида синовлар ўтказиш фаолиятини амалга оширадилар”.
Яъни, бунга кўра сертификатлаштириш фаолиятини амалга ошириш учун фақат аккредитациядан ўтиш талаб этилган.
Авторизациялаш тартибининг жорий этилиши эса, бюрократик тўсиқ ва ғовларни, ҳаддан ташқари тартибга солиш юкини ва соҳада манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқарувчи ҳолат сифатида баҳоланиши лозим.
Шу боис, лойиҳа орқали авторизациялаш тартибини жорий этиш мутлақо мақсадга мувофиқ эмас.
07.05.2022
09:13