Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 313 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Термитларга қарши кураш ва уларнинг зарарини бартараф қилиш ишларини янада жадаллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори (ID-55823) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1. Лойиҳа 4-банди иккинчи хатбошига кўра:
“Марказ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда:
.....
ҳар йили 1 июнга қадар инвентаризация натижаларига кўра, бузилиши лозим бўлган бино ва иншоотлар рўйхатини тузсин”.
Шунингдек, лойиҳа 5-банди биринчи хатбошига кўра:
“Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
2022 йил 1 июлга қадар инвентаризация натижасига кўра шакллантирилган рўйхатга киритилган бино ва иншоотлар бузилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказиладиган зарарни белгиланган тартибда қоплаш учун молиялаштириш манбаларини аниқлаб, ушбу объектларни бузиш чораларини кўрсин;”.
Яъни бунда, термитлар билан курашиш мақсадида бино ва иншоотлар туридаги хусусий мулкни мажбурий тартибда бузиш белгиланмоқда.
“Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасига кўра
Бунда, хусусий мукнинг конуний эгасидан фақат национализация, мусодара ва реквизиция қилиш орқали олиб қуйилиши, шу жумладан бузилиши мумкинлиги белгиланган, фақатгина қонунда истисно ҳолатлар назада тутилиши мумкин.
Шунигдек, амалдаги қонунчиликка кўра, бино ва иншоотларни мажбурий тартибда бузиш Фуқаролик кодексининг 212-моддасига асосланиб амалга оширилади.
Ушбу модда учинчи хатбошисига кўра, ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим, ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Кўриниб турганидек, бино ва иншоотларни мажбурий тартибда бузиш учун ушбу иморат ўзбошимчалик билан қурилган бўлиши лозим.
Таъкидлаш лозимки, лойиҳа муаллифи томонидан лойиҳани ишлаб чиқиш асоси сифатида термитларга қарши кураш ишларининг ўз вақтида ташкил этилмаганлиги келтирилмоқда.
Бунда, давлат томонидан ўз вақтида термитларни тарқалишини олдини олиш бўйича ишлар амалга оширилмаганлиги сабабли ушбу тартибларни жорий қилиниши, яъни давлат томонидан бажарилмаган ишларнинг салбий оқибатлари учун хусусий мулк эгалари томонидан жавоб бериши ҳуқуқий жиҳатдан нотўғридир.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, шунингдек, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш мақсадида лойиҳадаги бино ва иншоотлар бузилишига тааллуқли бўлган нормаларни чиқариб ташлаш лозим.
2. Лойиҳа 7-бандига кўра, “Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шахар ҳокимликлари, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ва Қурилиш вазирлигининг ҳудудий органлари томонидан Ишчи гуруҳ хулосаси билан термитларнинг табиий ўчоқлари бўлган ва қурилиш ишлари учун хавфли деб белгиланган ҳудудларда термитлар бартараф этилмагунга қадар қурилиш учун ер майдонларини ажратиш, ҳужжатларини расмийлаштириш таъқиқлансин”.
Яъни, маълум бир худудда ер майдонларини ажратиш, унга ҳужжатларини расмийлаштиришни термитларнинг табиий ўчоқлари бартараф этилмагунга қадар амалга ошириш таъқиқланмоқда.
Бироқ, лойиҳада ушбу мақсад учун аниқ бир муддатнинг белгиланмаганлиги ер ажратишда коррупция ва суиистеъмоллик холатларига, шунингдек сунъий мораторий жорий қилинишига шароит яратиб бериши мумкин.
Шу боис, лойиҳа термитларнинг табиий ўчоқларини бартараф этиш учун аниқ муддатларни белгилаш зарур.
13.05.2022
10:48