“Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимининг афзалликлари юзасидан медиа тур ташкиллаштирилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 апрелда қабул қилинган “Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режими қўлланилишини соддалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-115-сон фармонининг мазмун моҳиятини тадбиркорлик субъектлари эътиборига етказиш мақсадида жорий йилнинг 20 июль куни Савдо-саноат палатаси Давлат божхона қўмитаси билан ҳамкорликда пойтахтимиздаги “Quality Electronics” қўшма корхонасида тадбиркорлик субъектлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимининг афзалликлари: имконият ва қулайликлар” мавзусида медиа тур ташкиллаштирилди.
Ушбу тадбирда Фармон билан экспортни қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, товарларни божхона ҳудудида қайта ишлаш режимига жойлаштириш тартиботларини соддалаштириш бўйича яратилган имкониятлар бўйича Давлат божхона қўмитасининг Божхона назоратини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи Рустам Қобулов томонидан кўргазмали тақдимотлар ўтказилди ҳамда Савдо-саноат палатасининг Экспортга кўмаклашиш бошқармаси бошлиғи Усманов Ғофуржон томонидан Фармон бўйича тегишли муаммолар ва уларни ечими бўйича таклифлар билдирилди. Тадбиркорлик субъектлари томонидан Фармон юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Шунингдек, барча иштирокчилар учун тадбир якунида Фармон билан яратилган имкониятлар ҳозирда ушбу Фармон доирасида маҳсулотларни қайта ишлаб экспорт қилаётган “Quality Electronics” қўшма корхонаси мисолида реал ҳолатда кўрсатиб берилди.
20.07.2022
16:01