Networking – “Туризм билан боғлиқ транспорт хизмати бозорини ривожлантириш” мавзусидаги учрашув бўлиб ўтди.
Жорий йилнинг 22 июнь куни Ўзбекистон туризм транспорти уюшмаси томонидан, Савдо-саноат палатаси, Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Тошкент шаҳар Транспорт бошқармаси билан ҳамкорликда
туризм транспорти соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари учун “Туризм билан боғлиқ транспорт хизмати бозорини ривожлантириш” мавзусида учрашув ташкил этилди.
Учрашув 3 қисмдан иборат бўлиб:
- Туризм транспорти соҳасидаги мавжуд муаммо ва камчиликлар, янги лойиҳа ҳамда ташаббуслар бўйича таклиф ва тавсиялар муҳокамасига бағишланган давра суҳбати;
- Туризм билан боғлиқ транспорт хизмати бозорини ривожлантириш бўйича тадбиркорларнинг таклиф ва тавсиялари;
- Туризм транспорти соҳасини ривожлантириш бўйича тегишли ҳамкор ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик меморандум лойиҳаларининг имзолаш маросими ташкил этилди.
Ушбу учрашувдан кўзланган мақсад, мамлакатнинг туризм билан боғлиқ транспорт хизмати бозорини ривожлантиришдаги мавжуд муаммо ва камчиликларни муҳокама қилиш, ҳамда соҳани ривожлантириш билан боғлиқ таклиф ва тавсияларни амалга ошириш ҳамда қўллаб-қувватлаш, жамиятда туризм транспорти соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва янгиликлар, ислоҳотлар, шунингдек, транспорт ва туризм соҳасидаги имтиёз ва қулайликлар билан тадбиркорлик субъектларини таништириш эди.
Тадбир бошида Савдо-саноат палатаси раиси сўзга чикиб, бугунги кунда транспорт соҳасида фаолият юритиб келаётган тадбиркорлик субъектлари дуч келаётган муаммоларни ўрганиб ечим топиш тўғрисида маъруза қилди.
Тадбир давомида мутасадди ташкилотлар томонидан мамлакатимизга келган туристларга ва MICE тадбирларга ташриф буюрган меҳмонларга транспорт хизматини кўрсатишда учраётган муаммо ва камчиликларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш чораларини кўриш ва саёҳатларни сифатли ва мароқли ташкил этиш юзасидан зарур шарт-шароитлар яратиш каби масалалар ҳам муҳокама этилди.
Тадбир сўнгида соҳани ривожлантиришга масъул бўлган давлат идоралари ва тадбиркорлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга келишиб олинди. Бундан ташқари Туризм транспорти соҳасини ривожлантириш бўйича тегишли ҳамкор ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик меморандум лойиҳалари имзоланди.
Маълумот учун: Мазкур тадбирга Савдо-саноат палатаси раиси Д.Вахобов, Туризм ва маданий мерос вазири ўринбосари Б.Шахриёров, Ички ишлар вазирлиги Хавфсиз туризмни таъминлашни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Н.Одилов, Тошкент шаҳар Транспорт бошқармаси бошлиғи А.Жураев ва Ўзбекистон туризм транспорти уюшмаси раиси Ш.Саибов, ҳамда уюшма таъсисчилари ва 80 га яқин туризм транспорти соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари кенг жалб этилди.
22.07.2022
11:50