“Хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлиги масалалари қўмитаси”нинг йиғилиши
Жорий йилнинг 1 август куни Савдо-саноат палатаси биносида Палата ҳузуридаги Хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлиги масалалари қўмитаси аъзоларининг биринчи йиғилиши ўтказилди.
Маълумот учун: Савдо-саноат Паласи Ижроия қўмитасининг 2022 йил 13 июндаги 6-сонли йиғилиш баёнига мувофиқ, Палата ҳузурида соҳалар бўйича 21 та қўмита ташкил этилган.
Ҳар бир қўмитага 25 нафаргача соҳадаги энг илғор, салоҳиятли, фидокор ва соҳада обрўси баланд тадбиркорлар аъзо сифатида киради.
Мазкур йиғилиш давомида, энг аввало, жорий йилнинг 20 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан ўтказилиши режалаштирилган учрашувига тайёргарлик ишлари, жумладан, республика Хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлиги йўналишидаги тизимли масалалар ва уларнинг ечимлари юзасидан фикр алмашилди. Натижада, 10 га яқин муаммо ва таклифлар рўйхати шакллантирилиб, уларни Савдо-саноат Палатаси раҳбарияти, юристлари ва тегишли мутахассислари билан биргаликда муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, жорий йилнинг 18-19 август кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги Хотин-Қизлар форумида иштирок этувчиларнинг рўйхатини сифатли шакллантириш юзасидан олиб борилаётган ишлар муҳокама қилиниб, мазкур тадбирда республикамиз Хотин-қизлари салоҳиятини энг юксак даражада кўрсатиб бериш юзасидан аниқ режалар белгилаб олинди.
Қўмитанинг “ZOOM” онлайн платформаси ва жонли равишда ўтказилган мазкур йиғилиши давомида шунингдек, Хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлиги йўналишидаги бир қатор солиқ, божхона, кредит ва бошқа масалалар кўтарилиб, уларни Савдо-саноат Палатаси кўмагида тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳал этиш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.
Савдо-саноат палатаси Матбуот хизмати
02.08.2022
10:57