Маркетинг ва реклама масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши
Жорий йилнинг 2 август куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов раҳбарлигида палата ҳузуридаги Маркетинг ва реклама масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Савдо-саноат Паласи Ижроия қўмитасининг 2022 йил 13 июндаги 6-сонли йиғилиш баёнига мувофиқ, Палата ҳузурида соҳалар бўйича 21 та қўмита ташкил этилган.
Ҳар бир қўмитага 25 нафаргача соҳадаги энг илғор, салоҳиятли, фидокор ва соҳада обрўси баланд тадбиркорлар аъзо сифатида киради.
Мазкур йиғилишда қўмита раиси Д. Мирзаахмедов бошчилигида соҳада юқори тажрибага эга бўлган йирик консалтинг, маркетинг ва реклама агентликлари (MCA, Yangi Fazo Asri, Ma’no Branding, Division), шу жумладан digital marketing (Inmarketing), шунингдек AKFA Engineering and Management, Akfa Medline, SQB, Safia – cafe and bakkery каби бошқа йирик компанияларининг маркетинг тузилмалари раҳбарлари ўз фикр мулоҳазалари билан иштирок этишди.
Савдо-саноат палатаси Раиси Д.Вахабов қўмита вакиллари билан маркетинг ва реклама фаолияти соҳасидаги энг долзарб, тизимли муаммолар, шунингдек вазиятни соғломлаштиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни муҳокама қилди.
Қўмита аъзолари томонидан қайд этилган муаммоли масалалар қаторида маркетинг соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш сифатини ошириш, ташқи реклама объектларини ўрнатишни тартибга солишнинг ташкилий-ҳуқуқий масалалари ("реклама тўғрисида" ги қонун), давлат органлари томонидан маркетинг тадқиқотларини ўтказиш учун зарур бўлган маълумотларни тақдим этиш, шунингдек инвестициявий ва туристик жозибадорлигига, қолаверса мамлакатнинг имиджига бевосита таъсир кўрсатадиган минтақаларнинг ўзига хос бўлган “айдентикасини” ишлаб чиқилишини йўлга қўйиш каби долзарб масалалар батафсил ўрганиб чиқилди.
Умуман олганда, учрашув ишбилармонлик ва конструктив муҳитда бўлиб ўтди.
Шуни таъкидлаш лозимки, Даврон Вахабов раҳбарлигида ўтказилган йиғилиш якунига кўра, маркетинг ва реклама Қўмитаси фаолиятини сифатли ташкил этиш, Президент ва тадбиркорлар ўртасида жорий йилнинг 20 август куни бўлиб ўтадиган очиқ мулоқот учун таклифларни ишлаб чиқишга қаратилган қатор чоралар белгилаб олинди.
03.08.2022
10:33