Товар белгиларини ривожлантириш ва экспортни молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари ССП эътиборида
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошидаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги билан ҳамкорликда 2022 йил 30 август куни маҳаллий тадбиркорлик субъектлари учун “Интеллектуал мулк соҳасида товар белгиларини муҳофаза қилиш, контрафакт маҳсулотлар билан курашиш, товар брендларини яратиш ҳамда экспорт фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари” мавзусида вебинар ўтказилди.
Вебинарда ҳудудлардан 60 нафардан ортиқ тадбиркорлик субъектлари онлайн иштирок этдилар.
Мазкур вебинарда Адлия вазирлигининг Интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш департаменти масъул ходими Ботир Каюмов товар белгиларини миллий ва халқаро даражада рўйхатга олиш, товар белгисини муҳофаза қилиш шартлари ҳамда товар белгиларидан фойдаланиш имкониятлари тўғрисида батафсил маъруза қилди.
Монополияга қарши курашиш қўмитасининг мутахассиси Илхом Хабибуллаев томонидан республикамиз ички бозорида сифатсиз контрафакт маҳсулотлар савдосини олдини олиш борасидаги ишлар тўғрисида маълумот бериб ўтилди.
Вебинарда Экспортни рағбатлантириш агентлиги масъул ходими Баходир Гулямов экспортни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасидаги Агентлик кўрсатаётган хизматлар ва уни экспортерлар учун афзалликлари тўғрисида тақдимот билан иштирок этди.
Тадбир давомида маҳаллий тадбиркорлар томонидан товар белгиларини рўйхатга олиш учун талаб этиладиган ҳужжатлар, уларни рўхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида саволлар берилди ва Адлия вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси мутахассисларидан батафсил жавоблар олинди. Шунингдек, тадбиркорлар экспорт фаолиятини амалга оширишда Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан хорижий давлатлардаги кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этиш, хорижда савдо уйларини ташкил этиш, маҳсулотлар учун халқаро стандартлар ва сертификатларни жорий этишни қоплаб бериш шартлари ва тартиби тўғрисида кўплаб саволлар билан мурожаат қилдилар ҳамда ушбу масалада мутахассислардан атрофлича жавобларни олдилар.
30.08.2022
15:04