Ўзбекистон-Италия муносабатлари мустаҳкамланмоқда
Жорий йил 6 сентябр куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Италиянинг тижорат соҳасида фаолият кўрсатувчи консалтинг компаниялари вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Италия ишбилармон доиралари ўртасида текстиль, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик қилиш ҳамда замонавий технологияларни Ўзекистонга жалб этиш масалалари муҳокама этилди.
Италия томонига Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишнинг истиқболли йўналишлари борасида таклифлар билдирилиб, жумладан, Ўзбекистон маҳсулотларини Италияга экспорт қилишда маҳаллий экспортерларга Европа Иттифоқидаги бозор талаблари, маҳсулотга қўйиладиган халқаро сертификация ва стандартларга оид талабларни етказишда алоқаларни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашувда Ўзбекистон маҳсулотлари учун Европа Иттифоқининг Преференциялар бош тизими доирасида пасайтирилган ва фоизсиз бож ставкаларини қўллаган ҳолда экспорт қилиш имкониятлари бўйича ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш мақсадга мувофиқлиги таъкидлаб ўтилди.
Тадбир якуни бўйича Ўзбекистон ишбилармон доиралари учун жорий йил октябрь ойида ташқи савдо операцияларини амалга ошириш борасида Италияда бизнес юритиш шартлари, италиялик ҳамкорлар топиш ҳамда экспорт шартномалари тузишга оид талаблар тўғрисида тақдимотлар ўтказишга келишиб олинди.
07.09.2022
09:32