Экспорт ҳажмини оширишда янги ва қулай транспорт коридорларини ишлаб чиқиш имкониятлари муҳокама этилди
Жорий йил 9 сентябрь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон Транспорт вазирлиги вакиллари ўртасида республикамиздан экспорт ҳажмларини ошириш мақсадида Ўзбекистон маҳсулотларини жаҳон бозорига етказиб бериш, шу жамладан, Осиё давлатларига тижорат юкларини янги ва қулай транспорт коридорлари орқали чиқиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Учрашувда Транспорт вазирлиги вакиллари томонидан Ўзбекистондан маҳсулотларни экспорт қилишда мажвуд темир йўл ва автомобиль транспорт коридорлари орқали юкларни ташиш ҳолати, экспорт қилинадиган товарларни қўшни давлатлардан олиб ўтиш тартиботлари ҳамда маҳаллий экспортерлар учун халқаро транспорт коридорлари орқали Осиё давлатларига, жумладан, араб мамлакатлари, Саудия Арабистонига юкларни ташишда мавжуд имкониятлар ҳамда уларнинг афзалликлари тўғрисида атрофлича фикр алмашилди.
Шунингдек, маҳаллий маҳсулотларни хорижий бозорларга ташишда халқаро автомобиль коридорлари орқали Ўзбекистондан–Туркманистон– Эрондаги денгиз портлари орқали Араб давлатларига чиқиш имкониятларининг мавжудлиги транспорт коридорларини ривожлантиришда муҳим йўналишлардан саналиши таъкидлаб ўтилди.
Шу билан бирга Ўзбекистондан тижорат юкларини ташишда экспортерларга қисқа йўлакларни очиб бериш орқали қулайлик яратиш муҳимлигига эътибор қаратилиб, яқин истиқболда қатор Осиё давлатлари билан транспорт-логистика соҳасида икки ва кўп томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада жадаллаштириш таклифлари билдирилди. Бу борада Ўзбекистон учун Афғонистон орқали Покистоннинг Хинд океанидаги портларига чиқиш имкониятларини жадал ривожлантириш юклар ташиш ҳаражатларини қисқартиришда муҳим аҳамиятга эга эканлиги ва бу ўз навбатида Ўзбекистон маҳсулотларининг Осиё бозорлари, шунингдек, Араб давлатларида рақобатқодирлигини янада оширишда муҳим омил бўлиши этиб ўтилди.
Учрашув якунида маҳаллий экспортерлар учун республикамиздан жаҳон бозорларига чиқишнинг янги ва қулай транспорт коридорлари тўғрисида зарур ахборот-маслаҳатларни Палата ва Транспорт вазирлиги ҳамкорликда тадбиркорлик субъектлари эътиборига етказиб боришга келишиб олинди.
09.09.2022
14:16