Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар тартиби такомиллаштирилди
Жорий йилнинг 22 август куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашувларнинг олдини олиш, назорат қилувчи органларнинг масъулиятини ошириш ва фаолияти очиқлигини таъминлаш мақсадида, 2022 йил 13 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказишни мувофиқлаштириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-374-сон қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб, тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текширувлар «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатга олинади. Ушбу тизимда рўйхатга олинмаган текширувларни ўтказиш ноқонуний ҳисобланиши ҳамда текширувларнинг натижалари ҳамда профилактика тадбирлари тўғрисида маълумот текширув ёки профилактика тадбирлари тугаган кундан бошлаб уч кун муддатда ахборот тизимига киритилиши лозимлиги белгиланди. Бунда, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида мазкур тизимда рўйхатга олинмаган текширувларни ўтказиш ноқонуний ҳисобланади.
Шунингдек, мазкур қарорда назорат қилувчи органнинг мансабдор шахслари Текширувларни рўйхатга олиш китобини тўлдиришдан бош тортган тақдирда ёки қонунчиликда кўрсатилган ҳужжатларни тўлиқ тақдим этмаган ҳамда текширувга назорат қилувчи органнинг буйруғида (қарори, фармойиши) кўрсатилмаган бошқа шахсларни жалб этиш ҳолатларида, текширувга шартнома асосида аудиторлик ташкилотлари ва (ёки) экспертларни жалб этиш ҳолатлари бундан мустасно, тадбиркорлик субъекти текширув ўтказилишига йўл қўймасликка ҳамда ушбу ҳолат ҳақида ваколатли органга, Савдо-саноат палатасига ва прокуратура органларига хабар беришга ҳақли эканлиги кўрсатилган.
Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларнинг қонунийлиги устидан жамоатчилик назорати Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда қонунчиликда белгиланган шахслар томонидан амалга оширилиши назарда тутилган.
Шунингдек, ушбу қарорда назорат қилувчи органлар «хавфни таҳлил этиш» тизими натижаларига асосан ўтказиладиган текширувларнинг бошланиши ҳақида камида 10 иш куни олдин тадбиркорлик субъектини хабардор қилиши лозимлиги, илгари текширилган фаолият давридаги предмети ва объекти бўйича қайта текширув ўтказиш мумкин эмаслиги ва тадбиркорлик субъекти томонидан аввал тақдим этилган ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли эмаслиги белгиланган.
Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари учун профилактика тадбирларини Бизнес-омбудсман билан келишилган режа-графиклар асосида тадбиркорлик субъектлари молия-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда семинарлар, оммавий муҳокамалар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, «очиқ эшиклар куни» тадбирларини ташкил этиш, шунингдек, тарқатма материал ва қўлланмалар билан таъминлаш, тавсия ва хабарлар юбориш шаклларида амалга ошириш назарда тутилди.
Қарорнинг энг мухим жихати - 2023 йил 1 январдан назорат қилувчи органларга «Ягона давлат назорати» ахборот тизимидаги давлат назорати функциялари реестрига киритилмаган функциялар бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш тақиқланади.
Шу билан бир қаторда, мазкур қарор билан «Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ва профилактика тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.
Мазкур қарорда белгиланган вазифаларни бажариш тадбиркорлар ўз фаолиятини янада эркин амалга ошириши, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашувларнинг олди олинишига хизмат қилади.
Ҳурматли тадбиркорлар, агар ўтказилган текширув натижаларидан норози бўлсангиз, назорат қилувчи органларнинг юқори ташкилотларига, ваколатли органга, Савдо-саноат палатасига (ишонч телефонлари: +998 78 150 60 06, 1094) ёки белгиланган тартибда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлигингиз мазкур қарорда ўз аксини топган.
ССП матбуот хизмати
29.09.2022
12:53