Ўзбекистон-Тюрингия бизнес-форуми бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 30-сентябрь куни “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида Ўзбекистон-Тюрингия ишбилармон доиралари ҳамда вазирлик ва идоралари иштирокида бизнес-форум ҳамда «B2B» ва «B2G» форматларида икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Тюрингия Иқтисодий ривожланиш агентлиги (LEG) ва Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
2022 йил 29-сентябрдан 2-октябргача Германиянинг Тюрингия федерал ўлкаси ишбилармонлари делегациясининг Ўзбекистонга илк ташрифи амалга оширилди. Немис делегацияси таркибига 20га яқин немис фирма ва компаниялари, илмий тадқиқот ва таълим муассасалари вакиллари киритилган.
Тюрингия озод ўлка бўлиб, (немис тилида “Freistaat Thüringen”) Германиянинг 16та федерал еридан бири ҳисобланади. Ўлкада 2,1 миллион фуқаро яшайди. Минтақа ялпи ички маҳсулоти 61,5 миллиард еврони ташкил қилади. Ўлкада саноат (кимё, озиқ-овқат, автомобил, автокомпонент ва турли ускуналар ишлаб чиқариш), транспорт ва логистика хизматлари ҳамда илм-фан, турли кластер ва инновацион парклар фаолияти кенг ривожланган.
Мазкур тадбирни Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Ислом Жасимов, Германиянинг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси Др. Тилло Киннер ва Тюрингия Иқтисодий ривожланиш агентлигининг инвестициялар, ташқи алоқалар ва кластерни ривожлантириш бўйича ижрочи директори Арнульф Вульф кириш сўзи билан очишди.
Форум доирасида Арнульф Вульф томонидан “Тюрингия Федерал давлати ҳақида” тақдимот ўтказилди. Тадбирда, шунингдек, Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги вакили Шерзод Ғуломов, “Ўзавтосаноат” вакили Шавкат Алимов, «Rhenus Logistics» бошқарувчи директори ўринбосари Ғайрат Мамадазитов ва "RSP" компанияси вакили сўзга чиқдилар.
Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад кооператив ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Тюрингия Федерал ўлкаси тадбиркорлари ўртасидаги алоқаларни ўрнатиш ва мустаҳкамлашдан иборат.
ССП матбуот хизмати
30.09.2022
16:13