Ўзбекистонда Биринчи Халқаро франчайзинг кўргазмаси бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 4 октябрь куни “Hilton Tashkent City” меҳмонхонасида Ўзбекистонда Биринчи Халқаро франчайзинг кўргазмаси бўлиб ўтди. Тадбир Франчайзинг уюшмаси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган.
Franchising Expo Uzbekistan кўргазмаси – франчайзерлар ва потенсиал франчайзерлар учун муҳим воқеалардан биридир. Ташкилотчиларнинг асосий мақсади – Ўзбекистонда франчайзинг тармоқларини ривожлантириш ва ўзбек брендларини халқаро миқёсга олиб чиқиб, жаҳон миқёсда кенг танитиш имкониятларини яратишдир.
Кўргазманинг расмий очилиши Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раис ўринбосари Жаҳонгир Мамажанов ва Ўзбекистон Франчайзинг ассотсиацияси президенти Мурат Аъзамов иштирокида бўлиб ўтди.
Қолаверса, кўргазма доирасида, халқаро миқёсдаги етакчи маърузачилар, франчайзинг орқали аллақачон катта даромадга эришган муваффақиятли тадбиркорлар, шунингдек, давлат идоралари, йирик франчайзинг тармоқлари ва қўллаб-қувватлаш институтлари вакиллари ҳам иштирок этишди.
Ташриф буюрувчилар биринчи қўл бизнесининг ишончли ва манфаатли франшизалари ҳақида маълумотга эга бўлишди, франшизалар бозорининг сўнгги янгиликлари билан танишишди.
Тадбирда Ўзбекистондаги франчайзинг бозорининг истиқболлари, Европа ҳудудидаги ҳозирги савдо тенденсиялари, франчайзинг бозорига киришдаги ҳуқуқий рисклар, логистика хизматлари франшизаси, франчайзингнинг афзалликлари ва ўзбек брендларини жаҳон даражасига олиб чиқиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, ушбу кўргазма франчайзерлар ва франшиза харид қилувчилар учун манфаатли бизнес ҳамкорлик ўрнатиш, банк, юридик компания, маркетинг агентликлари учун муваффақиятли, барқарор ўсаётган мижозларни топиш учун ҳам катта имконият бўлди. Сервис компаниялар эса ўз хизматлари ва тадбиркорлар учун мавжуд шароитлар ҳақида сўзлаб беришди.
ССП матбуот хизмати
04.10.2022
14:46