Анъанавий усуллардан интенсив боғдорчиликкача
Жорий йилнинг октябрь ойида Савдо-саноат палатаси томонидан БМТТД билан ҳамкорликдаги “Ўзбекистон Бизнес форуми (З-босқич)” қўшма лойиҳаси кўмагида республиканинг олти вилоятида амалий семинарлар туркумини ўтказади. Қарийб 600 нафар фермерлар олма боғларига ишлов беришнинг замонавий технологияларига оид билимларини ошириш, шунингдек, боғдорчилик самарадорлигини ошириш бўйича амалий кўникмаларини ривожлантириш имкониятига эга бўладилар.
Семинарлар давомида Ўзбекистон шароитида юқори ҳосилдорликка эришиш учун боғдорчиликнинг интенсив усулларини тўғри жорий этиш масалалари кўриб чиқилади. Семинарларнинг назарий ва амалий қисмларга бўлиниши иштирокчилар учун олинган билим ва кўникмаларини амалиётда мустаҳкамлаш имконини беради. Семинарларнинг барча иштирокчилари Ўзбекистон шароитида интенсив усуллар бўйича олма дарахтларини етиштиришга оид махсус ишланган амалий қўлланмаларга эга бўладилар ва уларда амалда юзага келадиган кўплаб саволларига жавоб оладилар.
Амалий семинарлар Қашқадарё, Самарқанд, Фарғона, Андижон, Наманган ва Тошкент вилоятларидаги фермерлар учун тасдиқланган дастурга биноан ташкил этилади.
Хусусан, амалий семинарларнинг ўтказилиши олма навларини етиштириш, қишлоқ хўжалигига замонавий усулларни жорий этиш ва интенсив боғдорчилик усуллари ҳисобига боғлар ҳосилдорлигини ошириш бўйича фермерларнинг хабардорлигини ошириши кутилмоқда. Келгусида ушбу такомиллашувлар қишлоқ ҳудудларидаги аҳоли учун янги иш ўринларини яратиш, уларни барқарор даромад билан таъминлаш, турмуш шароитини яхшилаш, шунингдек, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги секторининг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини ошириш йўлида янги имкониятларни ҳосил қилади.
Таъкидлаш керакки, амалий семинарлар ва қўлланмаларнинг чоп этилиши Ўзбекистондаги «Sasol» компанияси ваколатхонаси, шунингдек, Германия Федерал иқтисодий ҳамкорлик ва ривожлантириш вазирлигининг (BMZ) «Ўзбекистон Республикасининг алоҳида ҳудудларида иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлаш» дастурининг (GIZ) молиявий кўмагида амалга оширилади.
Ушбу семинарларнинг ташкил етилиши бўйича қўшимча маълумот олиш ушун ССП ва БМТТДнинг “Ўзбекистон бизнес-форуми (З-босқич)” лойиҳасининг компонент раҳбари Усмон Раҳимжанов (+998 71) 150-12-61 ёки Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармаларига мурожаат қилинг.
***
“Ўзбекистон Бизнес форуми (З-босқич)” лойиҳаси ССП ва БМТТДнинг қўшма ташаббуси бўлиб, онлайн хизматларни жорий этиш, меърий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, шунингдек, инклюзив бизнес-моделларни ривожлантириш ва илгари суриш орқали бизнес юритишга оид шароитларни яхшилашга қаратилган.
ЎзССП Матбуот хизмати
04.10.2016
14:55