Тўқимачилик соҳаси қандай қўллаб-қувватланади
Вазирлар Маҳкамасининг 30.09.2022 йилдаги «Тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарида чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ҳамда уларнинг экспортини молиявий қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 556-сон қарори қабул қилинди.
Президентнинг 21.01.2022 йилдаги ПФ-53-сон Фармонига мувофиқ, Экспортни рағбатлантириш агентлиги таркибида Тўқимачилик соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилган.
2022 йил 1 февралдан 2025 йил 1 январгача белгиланган тартибга мувофиқ, Қорақалпоғистон ва вилоятларда бўялган мато, аралаш ва бўялган газлама маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширган ташкилотларга ускуналар қийматининг 10%и, бироқ $500 минг эквивалентидан кўп бўлмаган миқдорда Жамғарма ҳисобидан субсидия ажратилади.
Субсидия олиш учун қуйидагилар зарур:
- юқорида кўрсатилган лойиҳалар доирасида янги ускуналар харид қилиш;
- ускуналар қийматига етказиб бериш ҳамда бошқа қўшимча хизматлар харажатларини киритмаслик;
- лойиҳани фойдаланишга топшириш далолатномаси мавжуд бўлиши.
ТИФ Миллий банки томонидан хорижий валютада кредитлар ажратилади:
Бўялган мато, аралаш ва бўялган газлама маҳсулотларини, таркибида сунъий тола 80%дан юқори бўлган ип-калава ишлаб чиқариш ускуналарини харид қилувчи корхоналарга |
бошланғич 15 фоиз тўловни тўлаш учун етти йил муддатгача, уч йиллик имтиёзли давр билан, депозит ставкасига банкнинг 1%лик маржасини ҳисобга олган ҳолда |
Бўялган мато ва газлама, тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналарга |
экспортолди молиялаштириш ($3 млн гача), шу жумладан айланма маблағларни тўлдириш учун, бир йил муддатгача, тўққиз ойгача имтиёзли давр билан, депозит ставкасига банкнинг 1%лик маржасини ҳисобга олган ҳолда |
Бўялган мато, бўялган газлама ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларини, шу жумладан комиссионер (ишончли вакил) орқали реализация қилишдан тушган умумий тушумида ушбу маҳсулотларнинг камида 80%ини экспорт қилган корхоналарга:
- ижтимоий солиқни 1% миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўлаш;
- маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ариза юбормасдан туриб, солиқ органларини хабардор қилган ҳолда уч йил муддатгача юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи тўловини кечиктириш ҳуқуқи берилади. Бунда ушбу солиқни кечиктириш муддати тугаганидан сўнг солиқ қарзи ва ҳисобланган фоизлар кечиктириш муддатига тенг муддат мобайнида бўлиб-бўлиб тўланади.
Президентнинг 05.05.2020 йилдаги ПФ-5989-сон Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон божхона чегараси орқали пахта ип-калаваси ва трикотаж матони (бўялган трикотаж матодан ташқари) олиб чиқишда ҳар бир кг учун йиғим ундирилади:
- 2021 йил 1 январдан – $0,01;
- 2022 йил 1 январдан – $0,05;
- 2023 йил 1 январдан – $0,1;
- 2025 йил 1 январдан – $0,2.
Қарор билан Тўқимачилик соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгиловчи Низом тасдиқланди. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:
- Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан ажратиладиган маблағлар;
- Ўзбекистон божхона чегараси орқали пахта ип-калаваси ва трикотаж матони олиб чиқишда қонун ҳужжатлари билан белгиланган миқдорда ундириладиган йиғимлар;
- жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро молиявий институтлар ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;
- қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда бўялган мато ҳамда аралаш ва бўялган газлама ишлаб чиқариш лойиҳалари доирасида харид қилинган ускуналар қийматининг бир қисмини субсидиялаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Унда юқори қўшилган қийматли тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришга йўналтирилган инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини янада рағбатлантириш назарда тутилган.
Шунингдек Тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларини экспорт қилувчи ташкилотларни субсидиялаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Ҳужжат билан экспорт қилинадиган тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ҳажмини ошириш, экспорт билан шуғулланувчи корхоналарни рағбатлантириш назарда тутилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари миллий маълумотлар базасида эълон қилинган ва 30.09.2022 йилдан кучга кирган.
Лола Абдуазимова
06.10.2022
11:02