Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти 90 ёшда!
Жорий йилнинг 13 октябрь куни Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг ташкил этилганлигига 90 йил тўлиши муносабати билан катта тантана ташкил этилди.
Тадбирда республикамизнинг турли давлат ташкилотларида ўз фаолиятини давом эттираётган институтнининг собиқ битирувчилари, жумладан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон пахта тўқимачилик кластерлари уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси раҳбар ва ходимлари, вилоят ҳокимлари, турли ипакчилик ва тўқимачилик корхона раҳбарлари, дизайнерлар ва хорижий давлат элчилари қатнашди.
Тадбирни Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ректори – Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Абдужалалович Вахабов очиб бериб, институт ўзининг 90 йиллик фаолияти давомида 62000 дан зиёд юқори малакали мутахассислар, шу жумладан 17 та хорижий мамлакатларга 800 нафар олий маълумотли кадрлар тайёрлаб берганини, ҳозирги кунда институтда 5094 нафар талаба-ёшлар таҳсил олаётганини, уларга институтнинг 370 дан ортиқ нафар профессор-ўқитувчилари, шу жумладан, 32 нафар фан докторлари, 158 нафар фан номзодлари ва доцентлар самарали таълим бериб келаётганини таъкидлади.
Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, институтда бугунги кунда учинчи ва тўртинчи курс талабалари учун “дуал” таълим тизими жорий этилган. Яъни талабалар ҳафтанинг уч кунида назарий дарслар билан машғул бўлишса, қолган уч кунида тўқимачилик техно парки ва корхоналарда амалий ўқув машғулотлар асосида ўқитилади.
Институт 90 йиллик фаолияти давомида Ўзбекистон ва Марказий Осия давлатлари учун ҳам кадрлар тайёрлаб берган таянч олийгоҳга айланди. Жумладан институт 18 та давлатнинг 60 яқин олий таълим муассасалари билан халқаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.
ССП матбуот хизмати
13.10.2022
17:08