Олис ва чекка маҳаллаларда касаначиликни ташкил этган тадбиркорлик субъектлари учун субсидиялар ажратилади
Вазирлар Маҳкамасининг 14.10.2022 йилдаги «Касаначиликни ташкил этган тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 596-cон қарори қабул қилинди.
Олис ва чекка туманларда жойлашган 252 махаллаларда касаначиликни ташкил этган тадбиркорлик субъектлари касаначиликни ташкил этган пайтдан бошлаб 3 ойдан сўнг бир маротабалик субсидияни ажратишни сўраб ёзма равишда Бандликка кўмаклашиш маркази ёки ЯИДХП орқали мурожаат этишлари мумкин.
Бир маротабалик субсидия ҳар бир касаначи учун унинг бир ойлик ўртача даромади миқдорида тўланади (Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан).
Шунингдек, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тадбиркорларга “Темир”, “Аёллар”, “Ёшлар” дафтарлари ёки “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да бўлган ва касаначилик билан шуғулланаётган фуқароларга асбоб-ускуналарни харид қилиб бериш ҳаражатларининг 50% қопланади (бироқ 15 БҲМгача)
Маълумот учун: режага кўра, ушбу субсидия ва маблағларни тўлаш учун ҳар йили қуйидаги миқдорларда пул ажратилиши назарда тутилмоқда:
- Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан – 1,25 млрд сўм;
- Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан – 5,4 млрд сўм.
Хужжат билан:
- Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан олис ва чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда касаначиликни ташкил этган тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратиш тартиби тўғрисида;
- Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тадбиркорлик субъектларига “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёки “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да бўлган ва касаначилик билан шуғулланаётган фуқароларга асбоб-ускуналар харид қилиб бериш харажатлари учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисида;
- Нодавлат таълим ташкилотларида давлат буюртмаси асосида касаначилик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларни касбга ўқитиш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланмоқда:
Хужжат Қонун хужжатлари миллий баззасида эълон қилинган ва 15.10.2022 йилда кучга кирди.
Собир Нурбердиев
18.10.2022
17:20