Ўзбекистонлик ишбилармон доира вакилларининг Хиндистонга ташрифи
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси бошчилигида ўзбекистонлик ишбилармон доира вакиллари жорий йилнинг 15-18 октябрь кунлари Ҳиндистоннинг Бхадохи шаҳрида бўлиб ўтган INDIA CARPET EXPO –
43-чи Гиламчилик кўргазмасида қатнашдилар.
Ҳиндистон ҳукумати Савдо ҳамда Тўқимачилик вазирликлари кўмагида Гилам экспортини қўллаб-қувватлаш кенгаши томонидан 2001 йилдан буён йиллига икки марта мамлакатнинг турли шаҳарларида ўтиб келинаётган ушбу нуфузли кўргазма гиламчилик, хусусан қўлда тўқилган гиламлар соҳасидаги Осиёдаги энг йирик тадбирлардан бири ҳисобланади.
Ташкилотчиларнинг маълумотларига кўра, ярмаркада 300 дан ортиқ маҳаллий ҳамда хорижий компаниялар ўз кўргазма маҳсулотлари билан иштирок этди. Кўргазмага 10 мингдан ортиқ, жумладан 50 га яқин мамлакатдан 400 дан зиёд одам ташриф буюрди.
Ўзбекистонлик тадбиркорлар тадбир доирасида Ҳиндистоннинг гилам ишлаб чиқариш соҳасидаги йирик компаниялари билан “В2В” учрашувлар ўтказиб, мамлакатимизнинг гиламчилик соҳасидаги бой маданий меросини намойиш этишди ҳамда гилам харидорларига ўзбек гилам тўқувчиларининг маҳоратини тарғиб қилишди.
Ҳинд компаниялари мамлакатимизнинг сўнгги йилларда тўқимачилик, хусусан гиламчилик соҳасида эришаётган катта ютуқларини юқори баҳолаган ҳолда ўзларининг ўзбекистонлик ҳамкасблари билан тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатишдан манфаатдор эканликларини билдирди.
ССП матбуот хизмати
19.10.2022
12:02