«Uzgrow Tashkent» ва «Agro-Pack Uzbekistan» кўргазмалари ўз ишини бошлади
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ҳўжалиги вазирлиги кўмаклигида жорий йилнинг 3-5 ноябрь кунлари “International Hotel Tashkent” мехмонхонасида Туркиянинг «So fuar» корхонаси томонидан ташкил этилаётган «UZGROW TASHKENT-2022» - Халқаро иссиқхона хўжалиги, ирригация тизимлари ва чорвачилик ҳамда «AGRO-PACK UZBEKISTAN-2022» - Халқаро озиқ-овқат технологиялари ва қадоқлаш саноати кўргазмалари ўтказилмоқда.
Кўргазманинг тантанали очилиш маросими Туркия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Олган Бекар, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Фарходжон Тошпўлатов, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Акмал Эшниёзов, Туркия Республикасининг Тошкентдаги Элчихонаси Савдо бўлимининг маслаҳатчиси Аҳмет Мелиҳ ва кўргазма лойиҳаси директори Исмаил Энвероғлу иштирокида бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир мавзуси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019-йил 20-мартдаги ПҚ-4246-сонли “Ўзбекистон Республикасида боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ва 2021-йил 28-июльдаги “Узумчиликни ривожлантиришда кластер тизимини жорий этиш, ушбу соҳага илғор технологияларни жалб қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5200-сон Қарорида белгиланган вазифалар доирасида долзарб деб хисобланади.
Кўргазмада Туркиянинг 17 та, Ўзбекистоннинг 42 та етакчи компаниялари, шунингдек, Исроил, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларнинг қуйидаги махсулотларни ишлаб чиқарувчи компаниялари иштирок этмоқда: иссиқхона иншоотлари, томчилатиб суғориш учун ускуналар; уруғлар, ўғитлар, кўчатлар ва агрокимёвий моддалар; қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, озиқ-овқат саноати ва қадоқлаш материаллари. Хусусан, DEMSA MAKINA, ARDOLET MAKINA, YASHYL GROUP, ONUR PLAST, ESKA AMBALAJ, TUNBAR MAKINA, YMS SERA SİSTEMLERİ, AGRO TOMCHI, BEREKET KIMYO AGRO, MAXSUS POLIMER PLANT, STAR AMBALAJ, VISYS MAKINA, YUSHEN PLASTIC,PELSA, ROZMETOV, SLADUS, TANHO HOLDING каби компаниялар иштирок этмоқда.
Кўргазмада юқоридаги компаниялардан ташқари, агросоҳада ўз фаолиятини бошлаётган тадбиркорларга бевосита маслаҳат бериши мумкин бўлган AQUA CONSULT, AGROMART, OOO SABE, AFIF FAMILY MCHJ, ООО "VAZIRA BIZNES" каби Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги консалтинг компаниялари ҳам иштирок этмоқда.
Мазкур кўргазма тадбиркорлик субъектлари, жумладан, иш бошлаган тадбиркорлар учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, уларни қайта ишлаш, шунингдек, тайёр маҳсулотни ички ва ташқи бозорда сотишга қаратилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва тажриба алмашиш учун катта имкониятдир.
Айтиб ўтиш жоизки, “UZGROW TASHKENT-2022” ва «AGRO-PACK UZBEKISTAN-2022» кўргазмалари нафақат замонавий техника ва технологиялар билан танишиш, балки шу ернинг ўзида ўзаро манфаатли шартномалар тузиш имконини ҳам беради.
Бундан ташқари, “UZGROW TASHKENT-2022” кўргазмаси боғдорчилик ва иссиқхона саноатига оид янги билимларни тақдим этиб, маҳаллий ва хорижий йирик компаниялар раҳбарлари билан яқиндан мулоқот қилиш учун яхши платформа ҳисобланади.
Кўргазма доирасида ўзбек, турк, эрон ва хитой тадбиркорлари ўртасида B2B форматида музокаралар олиб борилиб, ўзаро манфаатли шартномалар тузилиши кутилмоқда.
ССП матбуот хизмати
03.11.2022
14:55