Ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди
Жорий йилнинг 7 ноябр куни “Hilton Tashkent City” меҳмонхонасида “Тошкент – Санкт-Петербург: ҳамкорликнинг янги уфқлари” минтақалараро иқтисодий форуми бўлиб ўтди.
Тадбирни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов кириш сўзи билан очди.
Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Ислом Жасимов, Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги савдо вакили Константин Злыгостев, “Санкт-Петербург Савдо-саноат палатаси” Кенгаши раиси Владимир Катенев ва бошқалар иштирок этди.
Иқтисодий форумнинг асосий мақсади ишбилармонлик ва ўзаро савдо-сотиқ алоқаларини янада кенгайтириш, қўшма сармоявий лойиҳа ва ташаббусларни илгари суриш, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари ва имкониятларини аниқлашдан иборат.
Тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва “Санкт-Петербург Савдо-саноат палата” Кенгаши ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битим имзоланиб, томонлар ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Санкт-Петербург ташкилотлари ва тадбиркорлари ўртасидаги иқтисодий, илмий-техникавий, шунингдек, савдо-сотиқ алоқаларини мустаҳкамлашга, шу жумладан, ўзаро ҳамкорликда янги ва энг самарали иқтисодий йўналишдан фойдаланишга келишди.
Форум доирасида маърузалар ва тақдимотлар, шунингдек, B2B ва B2G форматида музокара ва учрашувлар ўтказилиб, икки мамлакат сиёсат ва бизнес вакиллари ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилиш имконига эга бўлди.
ССП матбуот хизмати
08.11.2022
09:32