Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон-Венгрия бизнес-форуми бўлиб ўтди
2022 йил 10-11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити ўтказилиши муносабати билан унда иштирок этиш учун Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг ташрифи давомида 10 ноябрь куни Самарқанд шаҳрининг “Silk Road by Minyoun” меҳмонхонасида Ўзбекистон-Венгрия қўшма бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Бизнес-форумда Венгрия томонидан ташриф буюрган 60 нафарга яқин йирик ва нуфузли компаниялар вакиллари билан республикамиз иқтисодиётининг турли соҳаларидан таклиф этилган 100 нафардан ортиқ тадбиркорлик субъектлари қатнашдилар.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев ҳамда Венгрия Ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сийярто кириш сўзи билан очиб бериб, унда икки томонлама муносабатларнинг юқори даражаси ва мамлакатимиз ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб бораётганлиги алоҳида қайд этиб ўтилди. Шунингдек, мазкур Форум икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга қўшимча туртки беришига ишонч билдирилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири А.Воитов, Венгрия Ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги давлат котибининг ўринбосари К.Бихари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Д.Вахабов, Венгрия Савдо-саноат палатаси раиси Л.Парраг ҳамда Тўғридан-тўғри инвестиция фонди бош директори А.Назиров томонидан икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга қаратилган истиқболли йўналишлар бўйича маъруза ва тақдимотлар ўтказилди.
Форум доирасида ташкил этилган B2B ва B2G форматидаги учрашувларда икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.
Ўзбекистон-Венгрия Бизнес-форуми якуни бўйича ишбилармон доиралари ўртасида бир қатор ҳамкорлик битим ва келишувлари имзоланди. Жумладан, Ғоз паштетини ишлаб чиқариш ва ғозларни етиштириш бўйича қўшма корхона ташкил этиш тўғрисида «Vostok Invest» МЧЖ ҳамда «Royalpate» Kft ўртасидаги битим, Марказий банк ҳамда «Pénzjegynyomda» Zrt. ўртасидаги шартнома ва Самарқанд Давлат университети ҳамда «МАТЕ» ўртасидаги меморандум тузилди.
ССП матбуот хизмати
10.11.2022
14:35