UzVC Startup Growth дастурини ишга туширилишига бағишланган конференция бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 16 ноябрь куни UzVC Миллий венчур жамғармаси Startup Growth дастурини (SGP) ишга туширилишига бағишланган биринчи конференцияни ўтказди.
Тадбир Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги “Рақамли иқтисодиёт ва рақамли тадбиркорликни ўзлаштиришда ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш” қўшма лойиҳаси, AKS Services Group, Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери миллий Офиси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ёшлар ишлари агентлиги ва INNO технопарки билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Болалар динамик жамият учун зарур бўлганидек, ривожланаётган иқтисод учун янги пайдо бўлаётган компаниялар, яъни стартаплар ҳам жуда муҳимдир. Шу сабабли UzVC Миллий венчур жамғармаси, Ўзбекистонда маҳаллий стартаплар учун янги индивидуал UzVC Startup Growth Program (SGP)ни ишга туширди. Дастур давлат кўмагида амалга оширилаётган бўлиб, ўзбек стартапларига ўсиш ва ташқи бозорларга чиқиш йўлида жаҳон андозаларидаги тажриба билан таъминлашга қаратилган. SGP Ўзбекистондан ташқарида ўсиш ва бозорларга чиқиш учун зарур бўлган маблағ йиғиш стратегиялари каби асосий масалаларни қамраб олади.
Тадбирни кириш сўзи билан UzVC бош директори Дилшод Хашимов ҳамда UzVC катта маслаҳатчиси Алишер Шайхов очиб берди.
SGP нинг биринчи конференциясида номзод кўрсатилган стартаплар, сиёсатчилар, элчихоналар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, шунингдек, университет талабалари каби кенгроқ аудиторияга ўзбек стартаплари ва венчур капитали экотизимини глобал миқёсга чиқаришда қандай ёрдам бериш керак деган мавзуларда маъруза ва тақдимотлар ўтказилди.
Хусусан, махсус маърузачилар Sukna Ventures бош ҳамкори Ашер Сиддиқи, ҳамда Diaspora Ventures ҳамкори Марвин Лиао тадбиркорлик ва халқаро миқёсда муваффақиятли стартапларни бошқариш бўйича ҳикоя ва тушунчалари билан ўртоқлашди.
Шунингдек, конференцияда БМТТДнинг “Рақамли иқтисодиёт ва рақамли тадбиркорликни ўзлаштириш учун ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш” лойиҳасида рақамли тадбиркорликни ва рақамли кўникмаларни ривожлантириш бўйича менежер Усмон Рахимжонов, Express24 бош директори ва асосчиси Акмал Пайзиев, I2BF Global Ventures инвестиция бўйича директори Денис Калишкин, шунингдек Pulsar.vc ҳамкори Adrien Henni (Франция) каби маърузачилар иштирок этди.
Тадбир якунида иштирокчилар спикерларга ўзларининг саволларини беришга ва мутахассислар томонидан батафсил жавоб олиш имконига эга бўлдилар.
ССП матбуот хизмати
16.11.2022
15:25