Айрим статистик ҳисобот турлари бекор қилинади
Президентнинг 10.11.2022 йилдаги “Ҳисобот тақдим этиш ва архив ҳужжатларини сақлаш тартиб-таомилларини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан ўрнатилган тартибга мувофиқ:
- юридик шахслар томонидан 2022 йил 1 январдан кейин ҳисобланган жисмоний шахсларнинг иш ҳақи ва бошқа даромадлари ҳамда улар бўйича ҳисобланган солиқ суммалари тўғрисидаги архив ҳужжатларини сақлаш ҳамда давлат ёки нодавлат архивларига топшириш мажбурияти бекор қилинади;
- юридик шахслар 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат солиқ хизмати ва статистика органларига электрон тарзда топширилган молиявий, солиқ ва статистика ҳисоботларини, шунингдек, солиқ органининг автоматлаштирилган ахборот тизимлари орқали электрон шаклда расмийлаштирилган ҳужжатларни сақлаш ҳамда давлат ёки нодавлат архивларига топшириш мажбуриятидан озод этилади;
- 2023 йил 1 январдан бошлаб бухгалтерия ҳисоби субъектлари томонидан молиявий ҳисоботларни солиқ ва статистика органларига ҳар чоракда тақдим этиш талаби бекор қилинади;
- 2023 йилдан бошлаб айланмадан олинадиган солиқни қатъий белгиланган солиқ ставкаси бўйича тўлайдиган тадбиркорлик субъектлари йиллик молиявий ҳисоботларни солиқ органларига топшириш мажбуриятидан озод этилади.
2023 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги статистик ҳисоботлар бекор қилинади:
- Биржа фаолияти тўғрисида ҳисобот;
- Меҳнат шароитлари аҳволи тўғрисида ҳисобот;
- Ҳисобланган иш ҳақи миқдори бўйича ходимлар сонининг тақсимланиши тўғрисида ҳисобот;
- Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти хизматлари тўғрисида ҳисобот;
- Тижорат банки фаолияти тўғрисида ҳисобот;
- Суғурта ташкилоти фаолияти тўғрисида ҳисобот;
- Кичик қурилиш ташкилотлари ва микрофирмаларда мавжуд қурилиш машина ва механизмлари тўғрисидаги ҳисобот;
- Қувур йўли транспорти фаолияти тўғрисида ҳисобот;
- Мева-сабзавот маҳсулотлари хариди тўғрисида ҳисобот.
Давлат статистика қўмитасига бекор қилинаётган статистик ҳисобот турларида назарда тутилган статистик маълумотларнинг статистика дастурларига мувофиқ тегишли вазирлик ва идораларнинг маъмурий маълумотлари асосида шакллантирилишини таъминлаш топширилди.
2023 йил 1 майдан бошлаб қуйидагиларга:
- тижорат банкларига – ариза берувчини масофадан туриб идентификация қилиш учун зарур шарт-шароитлар мавжуд бўлганда, таъсисчилари Ўзбекистон резидентлари бўлган юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларга банк ҳисобварағини масофадан туриб очишга;
- юридик шахсларга – электр энергияси, табиий газ, иссиқ сув, ичимлик сув таъминоти, оқова сув ва телекоммуникация хизматлари кўрсатиш бўйича шартномаларни, уларнинг истеъмоли тўғрисидаги ҳисоботларни ва келгуси давр учун шартномавий миқдорлар тўғрисидаги бир марталик ва даврий ҳужжатларни электрон шаклда расмийлаштиришга рухсат этилади.
2023 йил 1 январдан бошлаб нодавлат архивларни давлат ва нодавлат архивлари реестрига киритиш ҳамда ҳужжатларни электрон архивлаш (сақлаш) хизматларини кўрсатувчи нодавлат архивларнинг маълумотлар узатиш тармоқлари хизматларини кўрсатиш учун лицензия олиш талаби хабардор қилиш тартибини жорий этиш орқали бекор қилинади.
16.11.2022
16:55