Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатлари мустаҳкамланмоқда
Ўзбекистонда яратилган инвестиция ва бизнес имкониятларни ўрганиш мақсадида, 2022 йил 21-25 ноябрь кунлари Озарбайжоннинг “Caspian Energy Club”га аъзо компаниялар раҳбарларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида, 22 ноябрь куни Тошкентдаги “Wyndham Tashkent” меҳмонхонасида Ўзбекистон ва Озарбайжон тадбиркорлари ўртасида В2В учрашувлар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси кўмагида ташкил этилган тадбирда Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳусейн Гулиев ва Ўзбекистон ССП бошқарма бошлиғи Ғофуржон Усмонов иштирок этди.
“Caspian Energy Club” – дунёнинг 5 мамлакатидан 50 мингдан ортиқ компанияларни бирлаштирувчи жадал ривожланаётган йирик минтақавий ташкилот ҳисобланади. Компания 2002 йил июнь ойида “Caspian Energy” ва йирик нефть-газ компаниялари кўмагида ташкил этилган.
Мазкур В2В учрашувлар, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, логистика ва автотранспорт соҳаларида фаолият олиб борувчи ишбилармон доира вакиллари иштирокида бўлиб ўтди.
Учрашувда икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари, савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш, жумладан, икки мамлакат корхоналарининг ҳамкорлик алоқаларини янада жадаллаштириш бўйича ўзаро фикр алмашди.
ССП матбуот хизмати
22.11.2022
14:31