Мамлакат экспорт салоҳиятини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 5-декабр куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжайев раислигида тадбиркорлар ва экспортёрларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ва мамлакат экспорт салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш чора-тадбирларини амалга ошириш масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов, тегишли вазирлик ва идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари иштирок этди.
Ҳудудлар ва тармоқлар кесимида ишлаб чиқарувчилар ва экспортёрларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар натижалари кўриб чиқилди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, жорий йилнинг январ-ноябр ойларида 13 миллиард долларлик маҳсулот ва хизматлар экспорт қилинди. Шу билан бирга, экспортёр корхоналарни айланма маблағларини тўлдириш учун зарур кредитлар ажратиш, илгари тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаларини қайтариш, коммунал хизматларга улаш ва енергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш бўйича масъул раҳбарларнинг фаолияти етарли даражада эмаслиги қайд этилди.
Ҳудудлар ва тармоқларнинг мавжуд экспорт салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш мақсадида экспортёрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар юзасидан корхоналарга бириктирилган масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари танқидий руҳда тингланди. Экспортга етказиб бериш ҳажмини ошириш мақсадида кундалик мониторингни амалга ошириш, тадбиркорлар билан фаол ҳамкорлик қилиш ва уларни ўз вақтида ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Йиғилиш якунларига кўра, муҳокама этилган масалалар доирасида тегишли раҳбарларга қўшимча мақсадли топшириқлар берилди. Уларнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юкланди.
06.12.2022
10:12