Шаржа Савдо-саноат палатаси раиси билан учрашув
Жорий йилнинг 7 декабрь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раҳбари Д.Ваҳобовнинг БААга ташрифи доирасида Шаржа Савдо-саноат палатаси раиси Жаноби Олийлари Абдаллаҳ Султон Аль Оваис билан учрашув бўлиб ўтди.
Шаржа амирлиги БААнинг саноат маркази ҳисобланади. Амирликнинг саноат маҳсулоти БАА умумий саноат маҳсулотининг 48% ни ташкил қилиб, бу мамлакатнинг етакчи амирлиги ҳисобланади. Амирлик йирик савдо ва логистика маркази бўлиб, 3 та денгиз порти, 33 та саноат зонаси ва 6 та эркин иқтисодий зонага эга. Мавжуд инфратузилма ва қулай ишбилармонлик муҳити амирликка ҳар йили 30 миллиард долларлик маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқариш имконини беради. Амирлик ҳар йили 8,5 миллиард долларлик маҳсулот импорт қилади, нонефт экспорти эса 15 миллиард долларни, реэкспорт эса 10,3 миллиард долларни ташкил қилади. Амирликнинг асосий савдо ҳамкорлари Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Уммон, Эрон, Ироқ, Қувайт ва Хитойдир.
Суҳбат чоғида Шаржа амирлиги ва Ўзбекистон корхоналари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик истиқболлари, жумладан, савдо (учинчи мамлакатларга реэкспорт), фармацевтика, яшил энергетика, оқава сувларни тозалаш (саноат корхоналари) ва тўқимачилик саноати каби соҳалар атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон махсус иқтисодий зоналари ва Шаржа амирлиги ҳудудида ҳар икки давлат корхоналари иштирокида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, хом ашё материалларини чуқур қайта ишлаш бўйича қўшма ишларни ташкил этиш ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатларига етказиб бериш келишувига эришилди.
Шунингдек, томонлар 2023-йил январь ойида БААда ўтказилиши режалаштирилган кооперация биржаси (B2B форматида) ва икки мамлакатда ўтказиладиган бошқа тадбирларда иштирок этиш учун ҳар икки томон тадбиркорларини максимал даражада жалб этиш бўйича зарур чораларни кўришга келишиб олдилар.
ССП матбуот хизмати
09.12.2022
10:12