Ўзбекистон-Сингапур Савдо палатаси ташкил этилади
Савдо-саноат палатаси ҳамда бир қатор маҳаллий ташкилотлар Сингапурнинг “Oceanus Group” компанияси билан Ўзбекистон-Сингапур Савдо палатасини ташкил этиш тўғрисидаги шартнома имзоланди. Ҳамкорликнинг мақсади икки мамлакатнинг савдо ва сармоявий имкониятларини ривожлантиришдан иборат.
Жорий йилнинг 16 январ куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат ташрифи арафасида Сингапурда икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини ҳар томонлама мустаҳкамлашга қаратилган Ўзбекистон-Сингапур бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Сингапур дунёнинг йирик савдо ва денгиз йўллари чорраҳасида, жумладан, Ҳиндистон ва Хитой ўртасидаги асосий денгиз йўлида жойлашган давлат бўлиб, бугунги кунда Сингапурда товарларни сақлаш ва реэкспорт қилиш хизматларини кўрсатувчи 9 та эркин иқтисодий зоналар фаолият кўрсатади.
Йиллар давомида Сингапурда 27 та халқаро битимлардан иборат улкан тармоқ яратилган. Ушбу битимларга, хусусан, Хитой, Корея, Австралия, Янги Зеландия, Ҳиндистон, Япония, Перу, Туркия, АҚШ, Канада, Мексика, АСEАН (жанубий-шарқий Осиё давлатлари уюшмаси), Европа Иттифоқи ва Форс кўрфази мамлакатлари билан тузилган эркин савдо тўғрисидаги шартномалар киради.
Шу билан бирга, Сингапурнинг божхона регламентига мувофиқ, Ўзбекистон 5200 дан ортиқ товарларни божсиз олиб кириш ҳуқуқига эга. Бироқ, мавжуд имкониятларга қарамай, савдо соҳасидаги ҳамкорлик мавжуд салоҳият даражасида эмас. Бунинг сабабларидан бири икки давлат тадбиркорлари учун ўзаро савдони ривожлантириш имконини берувчи платформанинг йўқлигидир.
Юқоридагиларни инобатга олиб, бизнес-форум доирасида Савдо-саноат палатаси ҳамда бир қатор маҳаллий ташкилотлар Сингапурнинг “Oceanus Group” компанияси билан Ўзбекистон-Сингапур Савдо палатасини ташкил этиш тўғрисидаги шартнома имзоланди.
Ташкил этиладиган Ўзбекистон-Сингапур Савдо палатасининг таъсисчилари қаторига Савдо-саноат палатаси (мувофиқлаштирувчи), Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги, “Ўзсаноатэкспорт” АЖ, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, “Global Export Company” МЧЖ, ҳамда “BMB Trade Group” МЧЖ киради.
Ўзбекистон-Сингапур Савдо палатасининг мақсади - Ўзбекистоннинг Сингапур ҳамда АСEАН мамлакатларида савдо ва сармоявий имкониятларини ривожлантиришдан иборат бўлади.
Ҳамкорликнинг биринчи босқичида томонлар Ўзбекистондан Сингапур, Хитой ва АСEАН мамлакатлари бозорларига дуккаклилар, қайта ишланган мева-сабзавот, ёнғоқ ва товуқ гўшти экспортини ташкил этишга келишиб олдилар.
Ҳамкорликнинг иккинчи босқичида Сингапур компанияси ўзбекистонлик экспортёрлар фаолиятини кенгайтириш ва маҳсулот сифатини ошириш орқали экспорт ҳажмини ошириш мақсадида уларга сармоя киритиш ва сармоя жалб этишни режалаштирмоқда.
ССП матбуот хизмати
17.01.2023
17:41